26 ноябрь куни Вазирлар Маҳкамасининг «Тошкент шаҳрида ер усти ҳалқа метро линияларининг қурилиши» лойиҳасининг техник-иқтисодий ҳисобини тасдиқлаш тўғрисида қарори қабул қилинди. Лойиҳанинг ўзи эса 4 йил олдин бошланган.

Унга кўра, лойиҳанинг умумий қиймати 354,3 млн долларни ташкил қилди. Ушбу маблағларнинг 208,4 млн доллари — давлат бюджети маблағлари ҳисобига, 108,4 млн доллари — Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси кредити, 500 минг доллар Хитой халқ республикаси (ХХР) Эксимбанки кредитлари ҳисобига ҳамда 37,07 млн доллари эса давлат улуши ҳисобига тўғри келган.

Лойиҳанинг капитал қўйилмалар ҳажми 317,288 млн долларни, шу жумладан, машина ва ускуналар сотиб олишга 61 млн доллар, қурилиш-монтаж ишларига — 238,453 млн доллар, инвестиция давридаги молиявий харажатлар (51 ой) — 3,642 млн доллар ва бошқа харажатлар — 14,187 млн долларини ташкил этади. Қолган 37 млн доллардан ортиғи ҚҚС ва божхона имтиёзларидир.

ХХР Эксимбанки кредитларни 20 йил муддатга, беш йиллик имтиёзли давр билан ҳамда Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг кредити — тўрт йиллик имтиёзли давр билан 15 йилга берилган.

Ҳужжатда кўрсатилган йўналиш узунлиги — 25,92 км. Техник-иқтисодий асосда кўрсатилган ҳисоб-китобларга кўра, линияда ҳар йили 35,1 миллион йўловчини ташилади.

Шунингдек, 2017 йилнинг май ойида президент Тошкент шаҳрида электрлаштирилган тезюрар ҳалқа темир йўл қурилиши лойиҳасини тасдиқлаган эди. У 2017−2021 йиллар учун ҳисобланган ва 320,1 млн долларга баҳоланган.

Ўша йилнинг кузида Тошкентда Ўзбекистон Президенти томонидан майда тасдиқланган электрлаштирилган тезюрар ҳалқа темир йўли қурилиши лойиҳаси қайта кўриб чиқилгани ҳақида хабар берган эдик. Лойиҳанинг дастлабки қиймати 422,3 млн долларга баҳоланган. Йўналиш узунлиги 52,1 км сифатида кўрсатилган.

Йўналиш узунлиги 11 кмни ташкил этиб, Ўзбекистон линиясининг «Дўстлик» станциясини («собиқ «Чкалов») «Роҳат» айланмаси орқали «Қўйлиқ» бозори билан боғлайди. Йўналиш 2020 йил 30 августда ишга туширилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ президент қарорига кўра, метрополитен учун йил охиригача 5 та, 2022 йилда 14 та тўрт вагонли метро поездлари харид қилиниши ва поездларнинг сони 80 тага етказилиши ҳақида хабар қилинганди. Метро бекатларида савдо ва хизмат кўрсатиш майдончалари ташкил этилиб, улар тадбиркорларга электрон аукцион шартларида ижарага берилади.