29 ноябрь куни тонгги соат 05:05 да Сергели тумани Нилуфар 3-тор кўчасида тегирмон-ёрма саноати маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган «Узмилл» МЧЖ ҳудудидаги ишчилар ётоқхонасида ҳаво-газ аралашмасининг чақнаши оқибатида ёнғин содир бўлди, деб хабар берди ФВВ.

Воқеа жойида 43 нафар ишчи бўлган, ёнғин оқибатида улардан 18 нафари ҳар хил турдаги куйиш тан жароҳати билан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига жойлаштирилган. Ҳодиса оқибатида ҳалок бўлганлар йўқлиги маълум қилинди.

Воқеа содир бўлган жойга 4 та ёнғин-қутқарув экипажи соат 05:08 да етиб боргани айтилмоқда. «Ёнғин соат 05:29да қуршаб олинган ва соат 05:43да батамом ўчирилган», — дейилади хабарда.

Ҳодиса тафсилотларини ўрганиш учун Тошкент шаҳар прокурорининг биринчи ўринбосари раҳбарлигида Тошкент шаҳар ФВБ, ИИБ, ССБ, Ҳудудгаз таъминоти раҳбарларидан иборат тезкор тергов гуруҳи ташкил этилган.

Бирламчи маълумотга кўра, ҳаво-газ аралашмасининг чақнашига газ қувурларининг носозлиги оқибатида хонага газ тўпланиши сабаб бўлган.