Сирдарё вилояти божхона бошқармаси ва ДХХ ходимлари ҳамкорлигида Тошкент шаҳри ҳудудида тиббий дори воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши тезкор тадбир ўтказилди.

Давлат божхона қўмитаси матбуот хизматининг хабарига кўра, фуқаро У.А бошқарувидаги «Cobalt» русумли енгил автотранспорт воситаси тўхтатилиб, автомашина салони ва юкхонаси холислар иштирокида кўздан кечирилган.

Фото: ДБҚ.

Натижада автомашинада хорижда ишлаб чиқарилган 99 млн сўмлик 99 дона «Remdesivir 100 mg» номли тиббий дори воситалари борлиги аниқланди. Аниқланишича, дори воситасининг сифатини тасдиқловчи ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган.

Ҳолат юзасидан ҳозирда божхона органлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, ЖССТ таҳлилларига кўра, ремдесивир дори воситаси COVID-19 ни даволашда самарасиз деб топилган эди. Бироқ, ССВ ремдесивирни COVID-19 касаллигини даволашда яхши натижа кўрсатаётган дори воситаларидан бири сифатида келтирган эди.