29 ноябрь куни Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов БМТнинг терроризмга қарши курашиш шароитида инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш, асосий эркинликларини илгари суриш бўйича махсус маърузачиси Фионнуала Ни Аолайн билан учрашди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар берди.

Томонлар Ўзбекистоннинг БМТ ва унинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ихтисослашган тузилмалари билан ўзаро ҳамкорлигининг долзарб масалаларини муҳокама қилдилар.

Фото: ТИВ ахборот хизмати

БМТ махсус маърузачиси мамлакатда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, бошқа давлатларда оғир аҳволга тушиб қолган шахсларга самарали ёрдам кўрсатиш, жумладан, Яқин Шарқдаги уруш ҳудудларидан одамларни, айниқса, аёллар ва болаларни ватанга қайтариш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади.

Шунингдек, Афғонистондаги вазият юзасидан фикр алмашилди. Афғонистон халқига тезкор инсонпарварлик ёрдам кўрсатиш зарурлиги ҳақида умумий фикр билдирилди.