27 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси ходимлари иш вақтидан кейин мажбурлаб ушлаб ўтирилиши тўғрисида хабар тарқалди. Ҳокимлик матбуот хизмати ходимлар иш вақтидан ташқари ишларга «уларнинг розилиги билангина» жалб қилинаётганини маълум қилди.

Ҳокимлик бошқармаси ходимининг Kun.uz нашрига йўллаган мурожаатида 5−6 ойдан бери тун ярмигача ишда қолиб кетаётганини айтилган.

«Иш вақтимиз расман соат 9:00дан 18:00гача, аммо биз яқин 5−6 ойдан буён ишхонада 22:00, 23:00 ва айрим пайтлар тунги соат 1:30ларгача қолиб кетяпмиз. Шанба ва якшанба кунлари дам олиш куни эканига қарамасдан, ишга чиқишга мажбур қилишади», — дейди у.

Ходим видеотасвир йўллаб, унда ишдан қайтаётган вақтини компютеридаги соатдан кўрсатган ва ходимлар компютердаги соатни ўзгартира олмаслигини, буни фақат маъмурият қила олишини билдирган.

«Расмий иш вақти тугагач, қилинадиган ишлар ҳам тугайди, лекин раҳбаримиз ҳеч бир сабабсиз ходимларни иш жойида олиб ўтиради. Бу вақтга келиб барча ходимлар ҳам руҳан ҳам жисмонан толиқади. Шу боис 18:00дан кейин тайинли ҳеч қандай иш бўлмайди. Давлатнинг электр энергияга пули кетгани қолади. Биз эса соғлом турмуш тарзини йўқотиб, оқибатда ошқозон ва бошқа аъзоларни ишдан чиқармоқдамиз», — дея қўшимча қилди ходим.

Бундан ташқари, у ходимлар иш вақтидан кейин турли йиғилиш ва мажлисларга ҳам жалб этилишини айтган. Нашрга тақдим этилган хат нусхасида Тошкент вилояти ҳокимлиги томонидан вилоят ҳудудидаги шаҳар ва туман ҳокимларининг биринчи ўринбосарларига ва Давлат активларини бошқариш агентлигининг вилоят бошқармасига шошилинч хабарнома жўнатилганини кўриш мумкин.

Фото: Kun.uz

Бош бошқарма ходими ташкилотда яқин кунларда ходимлар маошидан «Яшил макон» дастури учун пул ушлаб қолиш режа қилинаётганини ҳам билдирди.

Тошкент вилояти ҳокимлиги эса ходимлар ойлигига устама ҳақ берилаётганини қайд этган.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармасига юклатилган вазифалар кўламини инобатга олиб, бошқарма ходимларининг иш фаолиятини самарали олиб боришлари учун ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида вазирлик томонидан узоқ муддат ишлаганлиги учун (30 фоиздан 150 фоизгача) ҳар ойлик устама олиш ҳуқуқини берувчи тартиб тасдиқланган.

Қолаверса, вилоят ҳокимининг тегишли фармойишлари асосида, ходимларнинг лавозим ва вазифасидан келиб чиқиб, моддий таъминотларини яхшилаш ҳамда кадрлар қўнимсизлигининг олдини олиш ва уларнинг оила аъзоларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш юзасидан киритилган таклифларни инобатга олиб, ҳар ойлик маошига қўшимча (100 фоиздан 150 фоизгача) устама ҳақи берилмоқда.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Меҳнат кодексининг 124-моддасига кўра, ходимлар иш вақтидан ташқари ишларга уларнинг розилиги билангина жалб қилинмоқда, дейилади ҳокимлик муносабатида.

Эслатиб ўтамиз, Меҳнат кодексининг 124 моддасига мувофиқ, иш вақтидан ташқари ишлар ходимнинг розилиги билан қўлланиши мумкин. Иш вақтидан ташқари бажарилган иш учун компенсация ва ҳақ тўланиши лозим.

Кодекснинг 157 моддасига кўра, иш вақтидан ташқари ишлар, дам олиш кунлари ва байрам кунларидаги ишлар учун камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланади. Байрам ёки дам олиш кунидаги иш ходимнинг хоҳишига қараб бошқа дам олиш куни (отгул) бериш билан қопланиши мумкин.

125 моддага асосан иш вақтидан ташқари ишнинг муддати ҳар бир ходим учун сурункасига 2 кун давомида тўрт соатдан (меҳнат шароити оғир ва зарарли ишларда — бир кунда икки соатдан) ва йилига бир юз йигирма соатдан ортиқ бўлмаслиги лозим.