2020 йилнинг июнь ойидан 2021 йилнинг шу даврига қадар Коррупцияга қарши курашиш агентлиги давлат харидлари соҳасида 24 та манзилли ўрганишлар ўтказди, деб хабар берди агентлик матбуот хизмати.

Ўрганишлар натижасида жиноят иши қўзғатиш масаласини ҳал этиш учун ҳуқуқни мухофаза қилиш органлари томонидан жами 60 га яқин сўровнома киритилган. Сўровномалар бўйича 44 та жиноят иши ва 24 та маъмурий иш қўзғатилиши таъминланди.

«Мазкур қўзғатилган жиноят ишларининг 21 таси, маъмурий ишларнинг 24 таси давлат харидлари соҳасига тааллуқли хисобланади», — дейилади хабарда.

Ҳудудлар кесимида Андижон вилоятида 6 та, Тошкент шаҳрида 4 та, Жиззах вилоятида 4 та, Қашқадарё вилоятида 3 та, Наманган вилоятида 1 та, Тошкент вилоятида 1 та, Навоий вилоятида 1 та, Самарқанд вилоятида 1 та жиноят содир этилган.

Соҳалар кесимида ўрганилганда, қурилиш соҳасида 11 та, соғлиқни сақлаш соҳасида 4 та, таълим соҳасида 2 та, спорт соҳасида 2 та, маданият соҳасида 2 та жиноятлар содир этилгани аниқланди.

Содир этилган жиноятларнинг 2 таси республика, 16 таси вилоят, 3 таси туман-шаҳар ташкилотлари ҳисобига тўғри келмоқда.

Таъкидланишича, бугунги кунда 18 нафар шахсларга нисбатан суд ҳукмлари эълон қилгани ҳолда жазо муқаррарлиги таъминланган. Уларнинг 7 нафари раҳбар, 3 нафари ҳисобчи, 1 нафари ижрочи ходим ва 7 нафари бошқа шахслар ҳисобланади.