24 сентябрдан бошлаб жума намозларини масжид ичкарисида ўқиш мумкин бўлади. Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Республика махсус комиссияси қарорига биноан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Дин ишлари бўйича қўмитанинг таклифига биноан 24 сентябрдан эътиборан жума намози ва бошқа намозларни масжидларнинг фақат очиқ саҳналарида адо этилишига оид чеклов бекор қилинди.

Эслатиб ўтамиз, 13 августдан масжидларнинг барча ишчи ва ходимлари (саломатлиги бўйича қарши кўрсатма бўлган ходимлари бундан мустасно) коронавирусга қарши вакцинанинг камида 2 та дозаси билан эмланганлиги тўғрисидаги сертификатга эга бўлган тақдирда ушбу масжидларнинг очиқ саҳналарида жума намозини ўтказишга рухсат берилган эди. Бошқа диний конфессияларга мансуб диний ташкилотларга ҳам мазкур тартибни татбиқ этиш тавсия қилинган эди.

Олдинроқ 20 сентябрдан оммавий тадбирларни ўтказишга рухсат берилганлиги, тўйлардаги меҳмонлар сони 100 кишидан кўп бўлмаслигини таъминлаш кераклиги бўйича талаблар эълон қилинганлиги ҳақида ҳам хабар берилган эди.