13 августдан эътиборан масжидларнинг барча ишчи ва ходимлари (саломатлиги бўйича қарши кўрсатма бўлган ходимлари бундан мустасно) коронавирусга қарши вакцинанинг (туридан қатъи назар) камида 2 та дозаси билан эмланганлиги тўғрисидаги сертификатига эга бўлган тақдирда ушбу масжидларда жума намозини ўтказишга рухсат берилади.

Тегишли қарор аҳолига диний ибодатларни амалга ошириш учун қулай шарт-шароит яратиш бўйича Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Дин ишлари бўйича қўмита таклифига биноан Республика махсус комиссияси томонидан қабул қилинди.

Масжидларга жума намозини ўқиш учун коронавирусга қарши вакцина билан эмланганлиги тўғрисидаги QR-коди ёки сертификати мавжуд бўлган (саломатлиги бўйича қарши кўрсатма бўлганлар бундан мустасно) ташриф буюрувчилар киритилади.

Республикада фаолият юритаётган бошқа диний конфессияларга мансуб диний ташкилотларга ҳам мазкур тартибни татбиқ этишни тавсия қилинди.

Шу билан бирга диний ибодатларни адо этиш жараёнида ташриф буюрувчилар томонидан тиббий ниқобда бўлиш ҳамда ижтимоий масофани сақлаш бўйича карантин чекловларига қатъий риоя этилиши лозимлиги кўрсатиб ўтилди.

Ўзбекистонда пандемия муносабати билан 16 июлдан бери жума намозлари ўқилиши вақтинча тўхтатилган эди. Ўшанда Қурбон ҳайити намози ҳам адо этилмаслиги, унинг ўрнига уйда Зуҳо намозини ўқиш тавсия этилгани ҳақида ёзган эдик.