Тошкентнинг Юнусобод тумани Шароф Рашидов кўчаси 5-уйда жойлашган маъмурий бинони реконструкция қилиш ҳамда фаввора остига автотураргоҳ қуришга 431,5 млрд сўм (Ўзбекистон Марказий банкининг 12 апрелдаги курси бўйича тахминан 41,1 млн доллар) сарфланиши мумкин. «Газета.uz» давлат харидлари порталида эълон қилинган бу ҳақдаги маълумотларга эътибор қаратди.

Портал маълумотларига кўра, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси 2019 йил 9 июлда «12-трест» АЖ билан шартнома тузган. Ўша вақтда шартнома қиймати 207,82 млрд сўм деб белгиланган. Лойиҳани 2020 йил 31 декабргача якунлаш, уни амалга оширишни тўлиқ давлат бюджети ҳисобидан молиялаштириш режалаштирилган эди.

Автотураргоҳ қурилиши режалаштирилаётган фаввора. Бир пайтлар у Тошкентдаги энг баланд ва энг машҳур фаввора бўлган. Сўнгги йилларда у қурилиш ишлари туфайли девор билан ўраб қўйилган.

2021 йил 29 март куни томонлар қўшимча битим имзолаган, унга кўра амалга оширилиши мўлжалланган ишларнинг қиймати 431,52 млрд сўмгача кўтарилди.

Бундан ташқари, мавжуд маълумотларга кўра, буюртмачи икки йил ичида 113,6 миллиард сўмни молиялаштирган: 2019 йилда — Молия вазирлигининг 18,5 млрд сўм ва бюджет маблағлари ҳисобидан 42,8 млрд сўм, 2020 йилда — 46,2 млрд ўм давлат бюджетидан.

2021 йилда 97,89 млрд сўмни, қолган 204,4 млрд сўмни эса маблағ ажратилиши билан молиялаштириш режалаштирилган.

2GIS хизмати харитасида Шараф Рашидов шоҳ кўчасидаги 5-уй сифатида Мустақиллик майдонидаги Эзгулик аркаси билан Вазирлар Маҳкамаси биноси ўртасида жойлашган 14-қаватли маъмурий бино кўрсатилган. Илгари унда Молия вазирлиги, Халқ таълими ва Маданият вазирликлари жойлашган эди.

Ушбу бинода қайси идора ёки вазирлик жойлаштирилиши ҳозирча маълум эмас. Давлат харидлари порталида жойлаштирилган ҳужжатларга кўра, реконструкция қилишни лойиҳалаштириш учун Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 13 апрелдаги 307−12-сонли «Ўзбекистон Республикаси президенти Давлат хавфсизлик хизмати моддий-техник базасини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори (ҳужжат очиқ манбаларда мавжуд эмас) асос қилиб кўрсатилган.

«12-трест» компанияси ҳақида

Манбалар: КТЯДР ва ИДХЯП.

Корхона ва ташкилотларнинг ягона давлат реестри (КТЯДР) маълумотларига кўра, «12-трест» компанияси 1994 йил 7 декабрда рўйхатга олинган. Асосий фаолият тури — нотурар бинолар қурилиши. Раҳбар сифатида Фаҳриддин Назиров кўрсатилган. Акционерлар орасида Тошкент ҳокимлиги (51,1%), Муаззам Саидахматовна Закирова (19,1%), Жасур Батирович Закиров (14,1%), Мухаё Октябревна Закирова (13,1%) ва яна 12 киши (2,6%) бор.

«Газета.uz»даги маълумотларга кўра, Жасур Зокиров ва Мухаё Закирова қурилиш вазири Ботир Зокировнинг ўғли ва рафиқаси. Унинг ўзи ҳам илгари «12-трест» акциядорлари рўйхатига 2019 йил июль ойида киритилган (ўша вақтда у қурилиш вазирининг биринчи ўринбосари, 1996−2011 йилларда — «12-трест» бошқарув кенгаши раиси сифатида ишлаган).

Ботир Зокиров. Фото: Шуҳрат Латипов / «Газета.uz».

Компаниянинг тарихи 1979 йилга бориб тақалади, «Главташкентстрой» буйруғи билан жамоат ишларини бажариш учун 12-сонли қурилиш трести ташкил этилган. 1994 йилда трест «Трест-12» ОАЖ этиб қайта ташкил этилган, 2000 йилда эса у мустақил юридик шахсга айланди. 2017 йилда у МЧЖга, 2018 йилда эса яна ОАЖга айлантирилди.

Spot.uz хабарига кўра, 2018 йил июль ойида «12-трест» таркибига умумий ишчилари сони 3275 нафарни ташкил этган 10 та ихтисослаштирилган таркибий бўлинма кирди. Сўнгги 10 йил ичида бажарилган ишлар ҳажми 800 миллион доллардан ошди.

«12-трест» компанияси Вазирлар Маҳкамаси биносини (2001), Сенат маъмурияти биносини (2004), Молия вазирлиги биноларини (2005), Сингапур менежментни ривожлантириш институтини (2008), Бунёдкор стадиони (2012), HYATT Regency меҳмонхонаси (2016) ва бошқалар (компания веб-сайтида 2017 йилгача бўлган лойиҳалар рўйхати) реконструкцияси билан шуғулланган. Барчаси бўлиб, компания 225 дан ортиқ лойиҳани амалга оширганлиги ҳақида хабар берилган.

Сўнгги лойиҳалар қаторида бош пудратчи томонидан тендерсиз танланган Ислом цивилизацияси маркази қурилишини ҳам кўрсатиш мумкин. Лойиҳанинг 2020 йил октябрь ойидаги қиймати 988,2 миллиард сўмга баҳоланган (жумладан тадбиркор Алишер Усмонов ҳисобидан молиялаштирилмоқда).

Эслатиб ўтамиз, «12-трест» хусусийлаштиришдан олдин тайёрлаш ва инвестициявий жозибадорлигини оширишнинг манзилли дастурлари орқали оммавий савдоларга қўйилган 62 та давлат активи рўйхатига киритилган эди.