Президент Шавкат Мирзиёев ОТМларда таҳсил олаётган, илмий-тадқиқот фаолияти билан шуғулланаётган иқтидорли ёшларни янада қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Ҳужжатга мувофиқ, 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон президенти давлат стипендияси квотаси:

  • таянч докторантурада таҳсил олаётган докторантлар ва магистратура босқичи талабалари учун икки баробарга оширилиб, тегишлича 10 та ва 22 та этиб;
  • бакалавриат босқичи талабалари учун эса ҳар бир олий таълим муассасасига 1 тадан этиб белгиланди.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасидаги олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган иқтидорли талабаларни рағбатлантириш мақсадида Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси Тўлепберген Қаипбергенов ҳамда Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири Ибройим Юсупов номли давлат стипендиялари жорий этилди.

Ҳужжатга кўра, Ўзбекистон президенти ва номли давлат стипендиялари давлат олий таълим муассасаларининг қўшма таълим дастурлари асосида таҳсил олаётган ҳамда республикада фаолият юритувчи хорижий олий таълим ташкилотларининг филиаллари ва нодавлат олий таълим ташкилотлари бакалавриат босқичи талабалари учун ҳам татбиқ этилиши белгиланди.

Ўзбекистон президенти ва номли давлат стипендиялари танловларининг дастлабки босқичи олий таълим муассасаси томонидан ўтказилади ва танловнинг навбатдаги босқичига тавсия этиладиган талабгорлар тегишли олий таълим муассасасининг профессор-ўқитувчилари ва талабалари иштирокида аниқланади.

Президент ва номли давлат стипендиялари танловлари Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган тартибга мувофиқ Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида ташкил этиладиган комиссиялар томонидан ўтказилади.

Қўшма таълим дастури асосида давлат олий таълим муассасасини, республикада фаолият юритувчи хорижий олий таълим ташкилотининг филиалини ёки нодавлат олий таълим ташкилотини тамомлаган Ўзбекистон Президенти ёки номли давлат стипендияси соҳиби бўлган талабалар ҳам давлат олий таълим муассасаси магистратурасига бакалавриатнинг таълим йўналишига мос ва турдош мутахассислик бўйича кириш имтиҳонларисиз қўшимча давлат гранти асосида қабул қилинади.

Фармонда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига мавжуд вазирлик ва идоралар билан биргаликда Ўзбекистон президенти ва номли давлат стипендиялари танловларининг дастлабки босқичи олий таълим муассасалари томонидан шаффоф, адолатли ва юқори савияда ўтказилишини таъминлаш топширилди.