Жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар судида 31 июль куни Андижон вилояти ҳокимияти яқинидаги йўлни тўсиб қўйган фуқаролар (15 аёл ва 2 эркак) иши бўйича суд мажлиси бўлиб ўтди. Мазкур ҳолат акс этган видеоёзув ижтимоий тармоқларда тарқалган эди.

Вилоят Ички ишлар бошқармаси маълумотларига кўра, шанба куни фуқаролар ҳоким Шуҳрат Абдураҳмоновнинг қабулига келишган, бироқ қабул жадвалига ўзгартишлар киритилгани сабабли улар ҳокимнинг биринчи ўринбосари Отабек Турсунов қабулига юборилган. Вилоят ҳокимлиги матбуот хизматининг қайд этишича, 29 июль куни ҳокимлигининг барча расмий саҳифалари ҳамда бошқа ОАВлар орқали жадвалга ўзгартишлар киритилгани тўғрисида хабар берилган.

Ҳокимлик ходимлари томонидан тушунтириш ишлари олиб борилганига қарамасдан, фуқаролар вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари қабулига киришдан бош тортган ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмасдан, ҳокимият биноси яқинидаги автомобиль йўлини тўсиб қўйишган.

Мазкур ҳолат юзасидан Андижон ИИО ФМБ томонидан терговга қадар текширув ўтказилиб, йиғилган материаллар жиноят ишлари бўйича шаҳар судига топширилган.

Суд қарори билан барча фуқаролар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183 (майда безорилик), 194-модда 1-қисми (милиция ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) ва 201-модда 1-қисми (йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартибини бузиш) бўйича айбдор деб топилиб, 11 киши 8−15 суткага қамоққа олинди, қолганлар БҲМнинг 7 баравари (1 млн 715 минг сўм) миқдорида жаримага тортилди.

Июль ойи бошида Қашқадарё вилояти Чироқчи туманидаги «Айритом» қишлоғида яшовчи фуқаролар июнь ойида электр таъминотидаги муаммоларга эътиборни жалб қилиш учун Тошкент-Қарши темир йўлини тўсиб қўйгани учун 15 суткага қамалган эди.