19 май куни Эрон президенти Иброҳим Раисий ва бошқа амалдорларни олиб учаётган вертолёт мамлакатнинг Озарбайжон билан чегарасига яқин ҳудудда ҳалокатга учради. Вертолётда бўлганларнинг барчаси ҳалок бўлди. «Газета.uz» воқеа билан боғлиқ асосий маълумотларни хронологик тартибда келтириб ўтади.

19 май. 18:00

Эрон президенти Иброҳим Раисий бўлган вертолёт мамлакатнинг Озарбайжон билан чегарасига яқин ҳудудда «қаттиқ қўнишни амалга оширди». Бу ҳақда мамлакатнинг Tasnim агентлиги хабар берди.

Associated Press Эрон давлат телевидениесига таяниб, воқеа Жульфа шаҳри яқинида юз берганини, қутқарувчилар воқеа жойига етиб боришга ҳаракат қилаётганини маълум қилди. Бахтсиз ҳодисадан олдин Раисий Озарбайжон раҳбари Илҳом Алиев билан икки давлат чегарасида Аракс дарёси бўйида учрашган ва музокаралар ўтказган. Associated Press эълон қилган видеода Раисийнинг бу ҳудудга учиб кетиши чоғида вертолёт ичида олинган кадрларни кўриш мумкин.

Воқеа юз берган тахминий нуқта. Инфографика: Associated PressВоқеа юз берган тахминий нуқта. Инфографика: Associated Press

19:00

IRNA агентлиги воқеа жойига қутқарувчилар етиб боргани ҳақида хабар берди. Уларнинг ишига ёмон об-ҳаво — кучли туман, шамол ва ёмғир тўсқинлик қилаётгани таъкидланди.

20:00

Эрон ахборот агентликлари ва бошқа оммавий ахборот воситалари аҳолини президентнинг саломатлиги учун дуо қилишга чорлай бошлади. Эрон халқидан у ва унинг атрофидагилар учун дуо қилиш сўралган мурожаат Иброҳим Раисийнинг Instagram`даги расмий саҳифасида ҳам пайдо бўлди.

Скрин: Иброҳим Раисийнинг Instagram’даги расмий саҳифасиСкрин: Иброҳим Раисийнинг Instagram’даги расмий саҳифаси

21:00

Tasnim агентлиги қутқарувчиларнинг тўртта гуруҳи воқеа содир бўлгани тахмин қилинаётган жойга яқинлашганини хабар қилди. Шунингдек, мамлакатнинг 3 нафар вазири ҳам мазкур ҳудудда бўлиб тургани айтилди.

00:00

Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги Эрон Ислом Республикаси президенти Иброҳим Раисий бўлган вертолётнинг фавқулодда қўндирилиши тўғрисидаги хабарни чуқур ташвиш билан қабул қилганини қайд этди.

Ўзбекистон томони вертолёт йўловчилари, жумладан Эроннинг юқори мартабали вакиллари тақдири ҳақидаги маълумотларни диққат билан кузатиб бораётгани, барча йўловчилар тез орада соғ-саломат топилишига умид қилаётганини таъкидлади. Шунингдек, мамлакат зарурат бўлиши билан эронлик дўстларига барча ёрдам кўрсатилишига тўлиқ тайёрлигини билдирди.

08:00

Баъзи нашрлар вертолёт қулаганидан кейин тўлиқ ёниб кетгани ҳақида ёза бошлади, йўловчилар тақдири ҳақида эса бу вақтга келиб ҳам расмий маълумот берилмади.

Қидирув-қутқарув ишлари, ёмон об-ҳавога қарамай, тун бўйи давом этди: Эрон оммавий ахборот воситалари ҳалокат содир бўлган ҳудудда ёмғир ёғаётганини хабар қилди. Вертолётни қидиришда Эрон армияси ҳам иштирок этди. Tasnim агентлиги вертолёт парчалари маҳаллий вақт билан соат 6 лар атрофида топилганини қайд этди.

Сал ўтиб Эроннинг Fars агентлиги вертолёт қолдиқлари акс этган видеони эълон қилди. Эрон Қизил ярим ой жамияти раҳбари давлат телевидениеси орқали қутқарувчилар ҳалокат жойида ҳаёт белгиларини топмаганини айтди.

09:00

Эроннинг Mehr агентлиги президент Иброҳим Раисий ва у билан учганларнинг бари вертолёт қулаши оқибатида ҳалок бўлгани ҳақида хабар берди.

Сал туриб ISNA агентлиги Эрон ҳукумати бир соат ичида Иброҳим Раисий ўлими юзасидан баёнот бериши ҳақида хабар берди. Tasnim ҳукумат аъзолари шошилинч йиғилишга чақирилгани маълум қилди.

Кейинроқ эса бир қатор нашрлар Эрон вице-президенти Моҳсин Мансури Иброҳим Раисий вафот этганини тасдиқлагани ҳақида ёзди.

10:00

Иброҳим Раисий вафотидан кейин Эрон президенти вазифасини мамлакат биринчи вице-президенти Моҳаммад Моҳбер бажариши хабар қилинди. Эрон Конституциясига кўра, муддатидан олдин президентлик сайловлари 50 кун ичида ўтказилиши керак.

Моҳаммад Моҳбер. Фото: IRNAМоҳаммад Моҳбер. Фото: IRNA

Reuters Эрон президенти учган вертолёт АҚШда ишлаб чиқарилган Bell 212 вертолёти бўлгани ҳақида хабар берди.

Эрон президенти Иброҳим Раисий бўлган вертолёт Эрон-Озарбайжон чегараси яқинида ҳавога кўтарилмоқда. Фото: IRNAЭрон президенти Иброҳим Раисий бўлган вертолёт Эрон-Озарбайжон чегараси яқинида ҳавога кўтарилмоқда. Фото: IRNA

Қидирув ҳудудида 73 та қутқарув гуруҳи ишлаётгани хабар қилинди. Сал туриб IRNA ахборот агентлиги ҳалок бўлганларнинг жасадлари ҳалокат жойидан олиб кетилаётгани акс этган видеони эълон қилди.

Эрон давлат телевидениеси одатий кўрсатувларни тўхтатди. Вертолёт ҳалокатидан сўнг, телевидение бутун мамлакат бўйлаб эронликларнинг Раиси соғлиги учун ибодат қилаётганини кўрсата бошлади. Шунингдек, қутқарувчилар тоғларда вертолётни қидираётгани акс этган кадрлар намойиш этилди. Эрон ҳукумати йиғилишида Раиси ўтирган курсида мотам тасмаси пайдо бўлди.



Шунингдек, мамлакат бўйлаб барча спорт мусобақалари ва тадбирлар бекор қилинди. Теҳрон фонд биржаси ўз фаолиятини бир неча кунга тўхтатди. Мамлакатда беш кунлик мотам эълон қилинди.

Кейинроқ Эрон ҳукумати президент ва унинг делегациясининг вертолёт қулашида ҳалок бўлгани муносабати билан баёнот берди.

«Эрон халқининг меҳнатсевар ва тиним билмаган президенти, мамлакатнинг ривожланиши ва тараққиёти йўлида Эроннинг буюк халқига хизмат қилишдан бошқа ҳеч нарса қилмади, ваъдасини бажарди ва миллат учун ўз ҳаётини қурбон қилди», — дея баёнотдан иқтибос келтирган Mehr.

Ҳукумат Эрон халқини «хизмат йўли» давом этишига ва мамлакат бошқарувида «узилишлар» бўлмаслигига ишонтирди.

Шунингдек, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Иброҳим Раисий ва унга ҳамроҳлик қилган шахсларнинг вафоти муносабати билан мамлакат олий диний раҳбари оятуллоҳ Али Хоманеийга ҳамдардлик билдирди.