Якунланаётган ҳафта давомида Ўзбекистон ва жаҳон спортида қатор аҳамиятли воқеалар содир бўлди. «Газета.uz» ушбу ҳодисаларнинг энг муҳимларидан ҳафталик спорт янгиликлари дайжестини тайёрлади.

15 июндан 16 июнга ўтар кечаси футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Жаҳон чемпионати-2022 саралаши 2-босқичи доирасида олтинчи ўйинини Саудия Арабистони терма жамоасига қарши ўтказди. Ушбу ўйинда Ўзбекистон 3:0 ҳисобида мағлубиятга учради. Учрашувдаги голларга Салман Альфараж ва Али Алҳассан муаллифлик қилишди. 25, 33 ва 52-дақиқада урилган голлар саудияликларга ғалаба келтирди. Шу тариқа Ўзбекистон терма жамоаси 3-саралаш босқичига ўтолмади ва Жаҳон чемпионатидан қуруқ қолди.

Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Вадим Абрамов Ўзбекистон — Саудия Арабистони учрашувидан кейин ўз фикрларини билдириб ўтди.

«Футболчиларни психологик тушкунлик ҳолатидан чиқара олмаганим менинг хатойим», — дейди Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Вадим Абрамов. У мухлисларнинг ишончини оқлолмагани учун узр сўради.

Президент Шавкат Мирзиёев 17 июнь куни «Камондан отиш спорт турини янада ривожлантириш ва оммалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорни имзолади. Унга мувофиқ, Тошкентда ҳар йили «Алпомиш ва Барчиной», Самарқандда — «Тўмарис кубоги» мусобақалари, Бухоро, Қўқон, Самарқанд ва Хивада — «Туризм ва камондан ўқ отиш ҳафталиги» ўтказилади.

17 июнь куни Испаниялик теннисчи Рафаэль Надаль Уимблдон ва Токио Олимпиадасида иштирок этишдан воз кечди. Бу ҳақда спортчи Twitter саҳифасида маълум қилди.

«Барчаларга салом, мен бу йилги «Уимблдон»даги чемпионат ва Токиодаги Олимпия ўйинларида қатнашмасликка қарор қилдим. Бу ҳеч қандай осонликча қарор қабул қилиш эмас. Лекин танамни тинглаб, жамоам билан маслаҳатлашганимдан сўнг, бу тўғри қарор эканлигини тушундим»,-дейди 35 ёшли теннисчи ўз Twitter саҳифасида.

15−17 июнь кунлари Ливан пойтахти Бейрут шаҳрида таэквондо бўйича Осиё чемпионати бўлиб ўтди. Ўзбекистонлик таэквондочилар Осиё чемпионатида 3 та олтин, 1 та кумуш ва 6 та бронза жами 10 та медални қўлга киритиб, рекорд ўрнатишди. Бунга қадар Ўзбекистон тарихида ҳеч қачон битта Осиё чемпионатида 10 та медаль қўлга киритилмаган эди.

18 июнь куни «Пахтакор» футбол клуби асосий таркибидаги футболчилар, асосий жамоа мураббийлар штаби ва клуб раҳбариятининг йиллик маош ва даромадлари акс эттирилган маълумотни тақдим этди. Клуб бош мураббийи йилига 350 минг евро ишлаб топса, футболчилар ичида энг кўп даромадни швейцариялик легионер Эрен Дердийок топади — йилига 1 млн 300 минг евро.


19 июнь куни Миллий олимпия қўмитасида ЎФАнинг навбатдан ташқари ҳисобот конгресси бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон терма жамоаси мураббийи Вадим Абрамов истеъфога чиқарилди. Жамоа сардори Одил Аҳмедов эса терма жамоадаги фаолиятини якуналаганини эълон қилди. «Асосий муаммоларимиздан бири болалар футболини тўғри йўлга қўймаганмиз. Фундамент бўлмаганидан кейин натижа ҳам бўлмайди», — деди у.

ЎФА конгрессида Ўзбекистон терма жамоасининг Жаҳон чемпионатига чиқа олмагани сабаблари муҳокамақилинди. ЎФА раҳбарияти терма жамоа мағлубиятини алоҳида кўриб чиқиб, ҳисобот беришини маълум қилди.

20 июнь куни ўзбекистонлик профессионал боксчи Бектемир Мелиқўзиев АҚШда фаолиятидаги навбатдаги жангини Габриэль Росадога қарши ўтказди. Мазкур жангда Росадо Мелиқўзиевни нокаутга учратди.