Ўзбекистон футбол ассоциациясининг навбатда ташқари конгрессида ЎФА президенти Абдусалом Азизов Вадим Абрамов бошчилигидаги мураббийлар штаби истеъфога чиқарилганлигини маълум қилди.

Футбол бўйича миллий терма жамоанинг янги мураббийи ким бўлиши 1 ой ичида ҳал қилиниши кутилмоқда. Бунда Европалик мутахассислар ҳам, маҳаллий мураббийлар номзоди ҳам кўриб чиқилади.

Шунингдек, жамоа сардори Одил Аҳмедов терма жамоадаги фаолиятини якунлаганини маълум қилди.

«Асосий муаммоларимиздан бири биз болалар футболини тўғри йўлга қўймаганмиз. Фундамент бўлмаганидан кейин натижа ҳам бўлмайди. Миллий жамоадаги фаолиятимни якунладим», — деди у.

Жамоа яримҳимоячиси Азиз Ҳайдаров ва бош мураббий Вадим Абрамов мухлислардан мағлубият учун узр сўрашди.

Эслатиб ўтамиз, футбол бўйчиа Ўзбекистон миллий терма жамоаси ЖЧ-2022 саралаши доирасидаги Саудия Арабистони билан ўйинда 3:0 ҳисобида мағлуб бўлди ва саралашнинг 3-босқичига чиқа олмади.