19 июнь куни Миллий олимпия қўмитасида ЎФАнинг навбатдан ташқари ҳисобот конгресси бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар бермоқда.

Конгрессни ЎФА раҳбари Абдусалом Азизов очиб берди.

«Яқиндаги Ўзбекистон терма жамоасининг мағлубиятини ЎФА алоҳида кўриб чиқади ва бу борада ҳисобот беради. Бу мағлубият бир кунда бўлиб қолмади. Болалар футболидан бошлаб муҳокама қиламиз. Бизда орқага йўл йўқ», — деди у.

Мазкур конгрессда дастлаб ЎФА янги Устави муҳокама қилинди ва сентябрь ойидаги ЎФА ҳисобот сайлов конгресси ҳақида маълумот берилди. Унда ЎФА Уставининг ОФК ва ФИФА талаблари асосидаги янги таҳрири, ЎФА сайлов кодекси, ЎФАнинг сайлов қўмитаси ҳамда ЎФАнинг апелляция сайлов қўмитаси бир овоздан тасдиқланди.

Конгресснинг иккинчи қисмида Ўзбекистон терма жамоасининг эндиликдаги собиқ бош мураббийи Вадим Абрамов нутқ сўзлади.

Фото: ЎФА матбуот хизмати

«Биз олдиндаги 3 та ўйиндан 6 очко олсак, кейинги босқичга чиқардик. Аммо пандемия туфайли КХДР ЖЧ саралашидан чиқиб кетди ва ФИФА бошқа гуруҳдаги иккинчи ўриндаги жамоалардан 6 очко олиб ташлади. Ливан 10 очко билан кейинги босқичга чиқди, биз 15 очко билан қолиб кетдик. Барча айбни ўз бўйимнига оламан. Чунки мен бош мураббийман, барча футбол мухлисларидан узр сўрайман. Мен мураббий бўлиб ишлаганимда икки марказий ҳимоячи ва дарвозабонни тайёрлай олмадик. Бу муаммо ҳамон бор», — деди Вадим Абрамов.

Фото: Sports.uz

Абрамов фикрини билдириб, ўз ўрнига қайтмоқчи бўлганида, Ўзбекистон президенти маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов Одил Аҳмедовнинг ҳимоя марказида ўйнатилгани ҳақида мураббийнинг фикрини сўради.

«Одил Аҳмедов нима учун ҳимояда ўйнади? Ўйиндан олдин аксарият футболчилар келиб, Одил ҳимояда ўйнамоқчи эканлигини айтишди. Аниқроғи, Азиз Ҳайдаров келиб шундай деди. Якунда биргаликда шундай қарорга келдик. Ҳимоядаги муаммони кучли прессинг орқали бартараф этмоқчи бўлгандик. Футболчилар бу ҳақда сўраганидан кейин буни рад эта олмадим ва Аҳмедов ҳимояга қўйилди», — деди Вадим Карленович.

Шундан сўнг журналистлар билан савол-жавоблар бўлиб ўтди. «Газета.uz» мухбирининг терма жамоа мураббийидан истеъфога чиқиш ёки чиқмаслиги ҳақида сўралганида, у шартнома айнан июнь ойида якунланишини ва истеъфога чиқишини маълум қилди.

Шундан сўнг ЎФА терма жамоалар бўлими бошлиғи Азиз Ҳайдаров ҳам фикрларини билдириб ўтди.

Фото: ЎФА матбуот хизмати

«Фикримни барчадан узр сўраш билан бошламоқчиман. Мақсадимиз Жаҳон чемпионати кейинги босқичига чиқиш эди. ЎФА томонидан барча шароитлар яратиб берилди. Вадим Абрамов айтганидек ўйиндан олдин футболчилар келиб Одил Аҳмедов ҳимояда ўйнасин деб илтимос қилишди. Мен буни бош мураббийга етказдим», — деди у.

Ҳайдаров айбдорларни қидириш керак эмаслигини, мағлубиятга барча айбдорлигини таъкидлади. «Ўзим футболчи сифатида уч марта ЖЧ саралашида иштирок этган бўлсам, доим очко ёки битта гол етмай қоларди. Бизга ҳалоллик етишмаяпти», — дея қўшимча қилади у.

Азиз Ҳайдаров Вадим Абрамовнинг терма жамоага бош мураббий бўлиши ҳақида мураббийни тайинлашга халқнинг талаби сабаблардан бири бўлганини айтди. Собиқ футболчи Биродар Абдураимов эса Азиз Ҳайдаровга «Қани ўша халқ? Кимлар эди улар?», дея савол берди.

«Билмадим, энди. Ўшанда Фаластинга ютқазгандик ва кейинги ўйингача 1 ой қолганди. Абрамов футболчиларни руҳан кўтара олишига ишонгандик», — дея фикрларини билдирди Азиз Ҳайдаров.

Шундан сўнг терма жамоанинг эндиликдаги собиқ сардори Одил Аҳмедов ҳам нутқ сўзлади.

Фото: ЎФА матбуот хизмати

«Футболни алдаб бўлмайди. Агар биз бугун ўзгармасак, ҳар сафар шундай туриб кечирим сўраймиз. Футболчи бўладими, мураббий бўладими ёки футбол ичида ишлайдиган одам бўладими, футболни биринчи ўринга қўймаса натижа бўлмайди», — деди у.

Одил Аҳмедов терма жамоадаги футболчилик фаолиятини якунлаганини билдирди.

Конгресс сўнгида ЎФА раҳбари Абдусалом Азизов фикрларини билдириб ўтди.

Фото: ЎФА матбуот хизмати

У футболда кўп нарса йўқотилгани, айрим инсонлар буни бизнес қилиб юборганини таъкидлади.

Маълум қилинишича, ташкилий масалаларда ҳам кўп камчилик бўлган. Терма жамоа Саудия Арабистонига борганида меҳмонхона борасида муаммо кузатилган. «Булар футболчиларнинг кайфиятига таъсир қилади. Фақат интервью бериш эмас, ишини ўз жойига қўйиб қўйиши керак», — дея қўшимча қилади ЎФА раҳбари.

«Бундан кейин ЎФА ҳар бир клубда мураббий ва маъмурий менежмент алоҳида бўлсин. Мураббийлар агент бўлиши керак эмас, агар мураббий агент бўлса, бундан ёмони йўқ», — дейди Абдусалом Азизов.

ЎФА раҳбари терма жамоа бош мураббийлар штаби билан тузилган шартнома бекор қилиниши ҳақида ҳам айтиб ўтди.

«Янги мураббийни топиш бир кунда бўладиган иш эмас. Бир-бир ярим ой вақтда янги мураббийлар штабини эътиборингизга ҳавола этамиз», — деди Азизов.