Футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Вадим Абрамов Ўзбекистон — Саудия Арабистони учрашувидан кейин ўз фикрларини билдириб ўтди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Саудия Арабистонига 3:0 ҳисобида имкониятни бой бериб, Жаҳон чемпионатидан қуруқ қолди.

«Саудия Арабистонини табриклайман. Жаҳон чемпионатига йўлланма олишини тилайман. Бизнинг жамоани кўпчилик мухлисларимиз қўллаб қувватлашди. Уларнинг ишончини оқлай олмаганимиз учун узр сўрайман», — дейди Абрамов.

Вадим Карленовичнинг таъкидлашича, футболчиларни психологик тушкунлик ҳолатидан чиқара олмагани унинг хатоси. «Бошидан нима учун бунчалик бўшашганимизни тушунтириб беришим қийин», — дея қўшимча қилади у.

«Биз Саудиянинг қарши ҳужумда тез ҳаракат қилишини билардик. Шунга қараб қанотларни кучайтирдик. Лекин олдинга ўтиб кетиб биринчи ва иккинчи голларни қабул қилиб олдик. Рақибларимиз жуда осонлик болан дарвозамизга йўл топа олди», — дейди Вадим Абрамов.

Ўзбекистон терма жамоаси Саудия Арабистонидан учралган мағлубиятдан сўнг энг яхши 2-ўринни қўлга киритган терма жамоалар ичида 7-ўринни эгаллади. Улар Уммон, Ироқ, Ветнам, Хитой, Ливан ҳамда Тожикистондан кейинги ўринга эга чиқди. Шу тариқа Ўзбекистон Қатарда бўлиб ўтадиган 2022 йилги Жаҳон чемпионатидан қуруқ қолди.