Президент Шавкат Мирзиёев 17 июнь куни «Камондан отиш спорт турини янада ривожлантириш ва оммалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорни имзолади.

Қуйидагилар камондан отиш спорт турини янада ривожлантиришнинг асосий йўналишлари этиб белгиланди:

иқтидорли ёшларни аниқлаш, танлаш ва саралаш (селекция) ҳамда уларни профессионал спортчилар сифатида тайёрлашнинг янги тизимини йўлга қўйиш;

профессионал спортчилар, малакали тренерлар, ҳакамлар ва мутахассисларни тайёрлаш ҳамда уларни касбий ривожлантириш;

ушбу спорт тури билан шуғулланиш учун зарур моддий-техник база ва инфратузилмани шакллантириш ҳамда замонавий спорт анжомлари, жиҳозлари, кийимлари ва экипировкаси билан таъминлаш, Ўзбекистон камондан отиш федерацияси фаолиятини қўллаб-қувватлаш;

жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахслар томонидан паракамондан отиш спорт тури билан шуғулланиш учун зарур шароитлар яратиш, уларнинг Паралимпия ва Параосиё ўйинлари ҳамда халқаро мусобақалар, турнирлар ва жаҳон чемпионатларида доимий ва муносиб иштирокини таъминлаш;

жаҳон стандартларига жавоб берадиган миллий ва профессионал чет эл бренд камонлари, ўқлар, тўсиқлар ҳамда спорт анжомлари, жиҳозлари, кийимлари ва экипировкасини ишлаб чиқаришни ташкил этиш;

ва бошқалар.

Қарорда ҳар бир болалар-ўсмирлар спорт мактабида (шу жумладан, келгусида янги ташкил қилинадиган мактабларда) мавжуд имкониятдан келиб чиқиб, камондан отиш секция ва бўлимларини ташкил этиш белгиланди.

2022/2023 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида камондан отиш таълим йўналиши очилади.

2021 йил 1 сентябрдан бошлаб ҳар йили анъанавий тарзда камондан отиш спорт тури бўйича:

  • Тошкент шаҳрида «Алпомиш ва Барчиной» халқаро турнири;
  • Самарқанд шаҳрида аёллар ўртасида «Тўмарис кубоги» халқаро турнири;
  • Бухоро, Қўқон, Самарқанд ва Хива шаҳарларида «Туризм ва камондан отиш ҳафталиги» ташкил этилади.

Ҳафталик доирасида камондан отиш бўйича спортчилар ва сайёҳлар ўртасида турнирлар, маҳорат дарслари ҳамда учрашувлар, туристик салоҳият акс этган сайиллар ўтказилади.

Ҳужжатда ҳар бир ҳудуднинг битта тумани (шаҳри)ни камондан отиш спорт турини устувор спорт тури сифатида белгилаш ҳамда уни ривожлантириш ва оммалаштириш бўйича «йўл хариталари»ни ишлаб чиқиш топширилди.

Бундан ташқари, қарор асосида Ўзбекистон камондан отиш федерациясининг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилади.