Ўзбекистон-Тожикистон чегарасида чегаравий ҳамкорлик идоралари очилди

18 май куни Ўзбекистон-Тожикистон чегарасидаги «Қудуқли» (Ўзбекистон) ва «Пахтаобод» (Тожикиистон) темир йўл назорат-ўтказиш пунктларида иккита чегаравий ҳамкорлик идораси очилди.

«Пойтахт Банк» ва «Ўзагроэкспортбанк» хусусийлаштирилади

Давлат активларини бошқариш агентлиги «Пойтахт Банк» ва «Ўзагроэкспортбанк» устав капиталидаги давлат акция пакетлари сотилаётганини эълон қилди. Халқаро Deloitte ва Grant Thornton консалтинг компаниялари хусусийлаштириш бўйича консультант сифатида танланди.

Навоийлик тадбиркорларга бепул дастгоҳ ва махсус техникалар топширилди

Навоий вилоятида тадбиркорларга БМТТДнинг техник кўмаги асосида янги лойиҳаларни йўлга қўйиш ёки мавждудларини кенгайтиришлари учун 37 дона ишлаб чиқариш дастгоҳлари ва махсус техникалар топширилди.

Авариялар натижасида 4 ойда 557 киши ҳалок бўлди

2021 йилнинг дастлабки тўрт ойида мамлакатда 2242 та ЙТҲ қайд этилди. Бунинг оқибатида 1684 киши жароҳатланган, 557 киши эса вафот этган. Таҳлилларга кўра, апрель ойининг ўзида пиёдалар иштирокидаги авария — 318 тани, болалар билан боғлиқ ҳодиса эса — 148 тани ташкил этган.

Авариялар юзага келишига сабаб бўлган омиллар қаторида тезликни ошириш — 32,4 фоиз, пиёдалар ўтиш йўлаклари йўқлиги сабабли белгиланмаган жойдан ўтиш — 16,2 фоиз, устувор ҳуқуққа эга транспорт воситасини ўтказиб юбормаслик — 11,6 фоиз, қарама-қарши йўналишга чиқиб кетиш — 9,3 фоизни ташкил этган.

Қибрайда қулупнай даласи бузилган деҳқонларга товон пуллари тўланди

Тошкент вилояти Қибрай туманидаги қулупнай даласида ишлаган деҳқонларга 20 май куни йўқ қилинган ҳосил учун товон пуллари тўлаб берилди. Ҳар бир гектардаги ҳосил учун улар 20 млн сўмдан олишди.

Аввалроқ, Қибрайдаги қулупнай далаларидан бири бульдозер билан бузиб ташланаётгани акс этган видео тарқалгани ҳамда ер эгаси ва ижарачиларига товон пулини тўлашга ваъда берилгани ҳақида хабар берган эдик.

Янги Ўзбекистон университети очилади — Беҳзод Мусаев

Ўзбекистонда «Янги Ўзбекистон» университети очилади. Бу ҳақда 21 май куни «Тошкент 5 ташаббус ҳаракати» ёшлар фестивали доирасида бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаевнинг маълум қилди.

Дам олиш кунлари ҳаво иссиқ бўлади

Дам олиш кунлари ҳаво ҳарорати меъёрдан ошиб, кун давомида 29−34 даражагача кўтарилади. Тоғолди ва тоғли ҳудудларда қисқа муддатли ёмғир ёғиб, момақалдироқ бўлиши кутилмоқда.

«Ўзбекистон учун ЕОИИ билан ўзаро алоқаларнинг аниқ натижалари муҳим» — президент

«Ўзбекистон учун кузатувчи сифатида ЕОИИ билан ўзаро алоқаларнинг аниқ, сезиларли натижаларига эришишни таъминлаш муҳим», — дея маълум қилди президент Шавкат Мирзиёев ОЕИК мажлисида. У «ўзаро мувофиқлашган ёндашувларни талаб этувчи» вазифаларни санаб ўтди ва иттифоқ давлатлари ўртасида мунтазам авиа ва темир йўл йўловчи қатновларини қайта тиклашни таклиф қилди.