Ўзбекистонда «Янги Ўзбекистон» университети очилади. Бу ҳақда 21 май куни «Тошкент 5 ташаббус ҳаракати» ёшлар фестивали доирасида бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаевнинг маълум қилди, дея хабар бермоқда «Халқ сўзи».

«Эндиликда қарийб 25 фоиз мактаб битирувчилари талаба бўлиш имкониятига эга бўлмоқда. Ёшларни олий таълимга қамраб олиш учун таълим муассасалари сони 5 йил ичида қарийб 60 тадан 130 тага етиб қолди. Бундан ташқари, чет элнинг нуфузли ОТМнинг филиаллари ташкил қилиняпти. Буларнинг ҳаммаси ёшларимиз яхши билим олишига имконият яратиш мақсадида амалга оширилмоқда», — деди бош вазир ўринбосари.

Беҳзод Мусаев 2021 йил 1 cентябргача барча ҳудудларда «Президент мактаблари» фаолият бошлашини таъкидлади. Уларга саралаш шаффоф бўлиши айтилди. Ушбу мактабларда ёшлар Англиянинг Кембриж таълим тизими асосида ўқитилади.

«Шунингдек, Янги Ўзбекистон университетини очиш юзасидан ишлар олиб борилмоқда», — дея таъкидлади у.

Аввалроқ, Тошкентда 8000 талабага мўлжалланган президент университети очилиши ҳақида хабар берилган эди.