Ижтимоий тармоқларда «Қибрай туманида 9 гектарлик тайёр пишган қулупнай бузиб вайрон қилиб ташланди» номли видео тарқалди. Унда қулупнай экилган дала бульдозер билан бузиб ташланаётганлигини кўриш мумкин. Лавҳада ички ишлар органи ходимлари иштирок этаётгани ҳам акс этган.

Мазкур видео юзасидан Халқ деморатик партияси Ўрта Чирчиқ туман кенгаши раиси, депутат Феруза Бабашева муносабат билдирди.

«Нима учун ҳуқуқ-тарғибот органлари, Қибрай тумани ИИБ бошлиғи қулупнай пишгунча қаерда эди? Дехқоннинг шунча меҳнати, маблағи, сарф-харажати нима бўлади? Ўзи пандемия даврида қанча аҳоли қийналди, моддий ва маънавий зарар кўрди. Хўп қулупнай экиш учун рухсат йўқ экан, экмасидан, хосил пишмасидан аввал тўхтатилса бўлмасмиди? Дехқонга, экинга, меҳнатга, сарф-харажатга ачиндим», — деб ёзади депутат.

Ҳолат юзасидан Тошкент вилояти ИИБ матбуот котиби Бобур Туляганов изоҳ бериб, даланинг бузилишига ички ишлар ходимлари алоқадор эмасликларини таъкидлаган.

«Ушбу видео юзасидан кўпчилик ички ишлар органлари ходимларига нисбатан салбий фикрлар қолдиришмоқда. Шуни қайд этиш керак, ердаги ҳосилни териб олиш, ўриб ташлаш ёки буздириш ишларига Ички ишлар ходимлари алоқадор эмас. Жараёнда иштирок этган ИИО ходимлари фақатгина келиб чиққан жанжални тўхтатиш, жамоат тартибини сақлаш каби хизмат бурчини бажаришмоқда», — деди у.

Видеолавҳа бўйича ўрганиш ишлари тегишли масъуллар томонидан олиб борилмоқда ва натижалар бўйича батафсил маълумот берилади, дея маълум қилди Қибрай тумани ҳокимлиги матбуот хизмати.