Давлат активларини бошқариш агентлиги «Пойтахт Банк» АЖ ҳамда «Ўзагроэкспортбанк» АТБ устав капиталидаги 100% давлат акция пакетлари нархларини максимал қийматда, шу билан бирга келгусида банкнинг молиявий ҳолати барқарорлигини ошириш ва ривожлантириш шартлари билан оммавий савдолар орқали сотиш режаси ҳақида эълон қилди. Бу ҳақда агентлик ахборот хизмати хабар бермоқда.

Қайд этилишича, ушбу битим доирасида халқаро миқёсида тан олинган консалтинг хизматлари кўрсатувчи компаниялардан Deloitte компанияси «Пойтахт Банк» АЖни, Grant Thornton компанияси «Ўзагроэкспортбанк» АТБни хусусийлаштириш бўйича консультант сифатида танлаб олинди.

«Ўзбекистон Республикасининг «Фуқароларнинг банклардаги омонатларини ҳимоялаш кафолатлари тўғрисида"ги Қонунига асосан Банк тасдиқланган давлат суғурта қўйилмалари дастурида иштирок этади, лицензияси бекор қилинган ҳолда ҳам қўйилмалар суммасидан қатъи назар, қўйилмалар 100% миқдорида қайтарилади», — дейилади хабарда.