Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилоятининг Қибрай туманида 9 га майдондаги қулупна даласи булдозер ёрдамида бузиб ташлангани акс этган видеоёзув тафсилотлари маълум қилинди.

Туман ҳокимлиги матбуот хизматининг хабар қилишича, видеолавҳада кўрсатилган ер майдони «Чинкелди» МФЙ Янгиобод қишлоғи М.Бехбудий кўчасида жойлашган «Саидвали ҳожи» фермер хўжалигига тегишли бўлиб, жами 20,9 гектарлик майдоннинг 8 гектарига (видеода 9 гектар дейилган) қулупнай экилган. Деҳқонларга ўзаро оғзаки (ҳужжатлар расмийлаштирилмаган) келишувга асосан иккиламчи ижарага берилган ер майдони давлат эҳтиёжлари учун олиб қўйилган.

«Газета.uz»нинг туман маъмуриятидан аниқлик киритишича, ушбу ер участкаси «Янги Ўзбекистон» боғи, «Истиқлол» мажмуаси ва бошқа объектлар қурилиши учун ажратилган ҳудуд таркибига киради. Янги боғ қурилиши тўғрисидаги топшириқ берилганидан кейин деҳқонларга огоҳлантирувчи хат юборилган. Улар билан келишувга эришилган ва баённомалар расмийлаштирилган.

«Фермер хўжалигининг ер майдонлари давлат эҳтиёжлари учун олинганлиги муносабати билан фермер хўжалигига етказилган зарар белгиланган тартибда қоплаб берилади», — дейилади туман ҳокимлиги хабарида.

Айни вақтда экспертлар етказилган зарар миқдорини ҳисобламоқда. Деҳқонларга йиғиб олинмаган ҳосил учун бозор нархида товон пули тўлаб берилиши кутилмоқда. Ҳокимликнинг тасдиқлашича, ҳосил ҳажми унчалик катта эмас, чунки биринчи ҳосил териб олинган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҳолат юзасидан Тошкент вилояти ИИБ матбуот котиби Бобур Туляганов изоҳ бериб, даланинг бузилишига ички ишлар ходимлари алоқадор эмасликларини таъкидлаган.

«Ушбу видео юзасидан кўпчилик ички ишлар органлари ходимларига нисбатан салбий фикрлар қолдиришмоқда. Шуни қайд этиш керак, ердаги ҳосилни териб олиш, ўриб ташлаш ёки буздириш ишларига Ички ишлар ходимлари алоқадор эмас. Жараёнда иштирок этган ИИО ходимлари фақатгина келиб чиққан жанжални тўхтатиш, жамоат тартибини сақлаш каби хизмат бурчини бажаришмоқда», — деди у.