18 май куни Навоийда кичик ва ўрта бизнес вакилларига янги бизнес лойиҳаларини йўлга қўйиш ва мавжудларини кенгайтиришлари учун ускуналар топшириш маросими бўлиб ўтди. Дастгоҳлар кичик бизнес ташаббусларини ва аҳолининг заиф қатламларининг индивидуал меҳнат фаолиятини қўллаб-қувватлаш дастури асосида топширилди. Мазкур ташаббус Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда БМТ Тараққиёт дастурининг «Ўзбекистонда ёшлар бандлигига кўмаклашиш» қўшма лойиҳасининг бир қисми сифатида амалга оширилмоқда, дея хабар қилди БМТТД «Газета.uz»га.

Тадбиркорларга 37 дона ишлаб чиқариш ускуналари ва махсус жиҳозлар бепул топширилди. Бу Навоий вилоятида аёллар ва ёшлар учун 24 та янги иш ўринларини яратишга ёрдам бериши кутилмоқда. Шунингдек, 21 нафар аёллар ва ёшлар вакиллари замонавий касбларни ўрганишлари ва тадбиркорлик кўникмаларини ривожлантиришлари мумкин.

Тадбиркорларнинг танлаб олинган лойиҳалари қаторига ўқув марказини яратиш, болалар учун маҳсулотлар ишлаб чиқариш, тикувчилик корхонасини яратиш, озиқ-овқат ва дори-дармон етказиб бериш хизматини ташкил этиш ва бошқалар киради.

Ушбу ташаббус иштирокчилари аёллар ва ёшлар учун яратиладиган янги иш ўринлари сони, келажакда лойиҳанинг имкониятлари каби мезонлар бўйича танлов асосида танлаб олинди, дейилади хабарда.

Умуман олганда, Россия томонидан молиялаштириладиган «Ўзбекистонда ёшлар бандлигини таъминлашга кўмаклашиш» лойиҳаси доирасида ва Япония ҳукуматининг молиявий кўмаги билан олти ҳудуд: Андижон, Наманган, Жиззах, Навоий, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларидан 34 нафар тадбиркорга (шундан 21 нафари ёки 62% аёллар) ускуналар берилмоқда. Улар 1,3 миллиард сўмга 323 дона тикув ва IT-ускуналари, мебел ва маиший техника олади. Натижада 187 та янги иш ўринлари очилиши кутилмоқда, уларнинг 132 таси (ёки 70% дан ортиғи) аёллар учун.