Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 21 май куни видеоанжуман шаклида ўтган Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев раислигида ўтган Олий кенгашнинг навбатдаги йиғилишида кенгаш фахрий раиси, Қозоғистоннинг Биринчи президенти — Элбоши Нурсултон Назарбоев, Арманистон бош вазири вазифасини бажарувчиси Никол Пашинян, Беларусь президенти Александр Лукашенко, Қирғиз Республикаси президенти Садир Жапаров, Россия президенти Владимир Путин, ЕОИИ ҳузуридаги кузатувчи давлат — Куба президенти Мигель Бермудес ва Евроосиё иқтисодий комиссияси Ҳайъати раиси Михаил Мясникович ҳам иштирок этди.

Тадбир кун тартибидан иқтисодиётнинг турли тармоқларида амалий ҳамкорлик қилиш ҳамда ЕОИИ фаолиятини такомиллаштиришга доир долзарб масалалар ўрин олди.

Давлат раҳбари ўз нутқида ҳал этилиши ўзаро мувофиқлашган ёндашувларни талаб этувчи энг муҳим вазифаларга алоҳида тўхталди.

Хусусан, қуйидагилар алоҳида қайд этилди:

  • савдо муносабатларини, шу жумладан тўсиқларни бартараф этиш ва савдони нотариф тартибга солиш чораларини яқинлаштириш орқали янада кенгайтириш учун салмоқли салоҳият мавжуд;
  • мамлакатларнинг етакчи корхоналари ва ҳудудларнинг саноат кооперациясини мустаҳкамлаш, Евроосиё тараққиёт банкини жалб қилган ҳолда иқтисодиётнинг реал сектори тармоқларида ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича лойиҳаларни илгари суриш муҳим аҳамиятга эга;
  • транспорт-транзит соҳасидаги долзарб масалаларни ҳал қилиш ва юк ташиш ҳажмини ошириш мақсадида ўзаро имтиёзларни кенгайтириш лозим.

Эпидемиологик вазиятнинг барқарорлашуви ва аҳолини эмлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларни ҳисобга олиб, минтақа мамлакатлари ўртасидаги мунтазам ҳаво ва темир йўл қатновини қайта тиклаш таклиф этилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг ЕОИИ солиқ ва божхона маъмуриятчилиги, саноат, меҳнат миграцияси ва туризм бўйича рақамли платформаларига уланиш имконияти кўриб чиқилмоқда, шунингдек, бошқа қатор устувор йўналишлар борасида ҳамкорлик қилиш имкониятлари ўрганилмоқда, дейилади хабарда.

Ўзбекистон президенти сўзининг якунида кузатувчи давлат сифатида Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлигида аниқ ва сезиларли натижаларга эришиш муҳим эканини яна бир бор таъкидлади.

«Яна бир бор таъкидлайман, Ўзбекистон учун кузатувчи сифатида ЕОИИ билан ўзаро алоқаларнинг аниқ, сезиларли натижаларига эришишни таъминлаш муҳим. Ушбу мақсадларда, жумладан, товарлар, капитал, меҳнат ресурслари ва хизматларнинг айланиш жараёнини соддалаштириш масалалари бўйича тизимли ҳамкорликни изчил ривожлантириш зарур деб ҳисоблаймиз. Очиқ ва конструктив мулоқотни кутмоқдамиз. Аминманки, бундай шерикчилик янги имкониятларни очади, мамлакатларимизнинг барқарор иқтисодий ривожланиши, халқларимиз фаровонлигининг юксалишига қўшимча туртки беради», — деди у.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқи ҳузуридаги кузатувчи давлат мақомини ушбу ташкилотнинг ўтган йил 11 декабрдаги саммитида олган эди.