18 май куни Ўзбекистон-Тожикистон чегарасидаги «Қудуқли» (Ўзбекистон) ва «Пахтаобод» (Тожикиистон) темир йўл назорат-ўтказиш пунктларида иккита чегаравий ҳамкорлик идораси очилди, дея хабар қилди ASIA-Plus.

Идоралар БМТ Гиёҳвандлик ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси кўмагида Ўзбекистон ва Тожикистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Улар БМТ ГЖҚКБнинг Марказий Осиё давлатлари учун «Трансмиллий уюшган жиноятчилик, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашиш ва терроризмдан огоҳлантириш» дастури доирасида шимолий йўналиш бўйлаб афғон гиёҳванд моддаларининг ноқонуний айланмасига қарши курашишга қаратилган трансчегаравий ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича компонент таркибида ташкил этилди.

Идораларни ташкил этиш бўйича ишлар АҚШ Давлат департаментининг Наркотикларга қарши халқаро кураш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолияти бюроси (INL) томонидан молиялаштирилган.

ASIA-Plus маълумотларига кўра, тожик-афғон, ўзбек-афғон, ўзбек-тожик, қирғиз-тожик, ўзбек-қирғиз, қирғиз-қозоқ ва ўзбек-қозоқ чегараларида аллақачон 19 та ана шундай идора ташкил этилган.