2020 йил декабрь ойи якунида «Газета.uz» Жиззах вилояти ҳокимлигининг «Ягона буюртмачи хизмати»дан 292,1 млрд сўмлик давлат буюртмаларини Qurilish Ta’minoti, J-Quruvchi и Abduvohid Qurilish Ta’mir компаниялари қўлга киритгани ҳақида ёзган эди. Ушбу тендер савдоларида Жиззах вилояти ҳокимининг ўринбосари Акрам Раҳмонқулов тендер комиссияси раиси бўлган.

Мазкур ҳолатлар Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Ҳисоб палатаси ва бошқа идоралар ҳамкорлигида ўрганиб чиқилди.

«Ўрганишлар натижасига кўра, давлат харидлари жараёнларининг амалга оширилишида аффилланганлик хусусиятига эга алоқалар мавжудлиги, бунга тегишли мансабдор шахслар томонидан қонуний муносабат билдирилмагани, танлов ҳужжатларини сохталаштирганлик каби ҳолатлар аниқланди», — дейилади хабарда.

Бундан ташқари, ғолиб бўлган Qurilish ta’minoti мансабдор шахслари танловда ноқонуний ғолибликни қўлга киритиш мақсадида корхона молиявий кўрсаткичлари, ишчи ходимларнинг қурилиш соҳасидаги маълумоти ва иш тажрибаси ҳамда танловда юқори балл олишга кўмаклашувчи бошқа маълумотларни қасддан оширгани аниқланган.

Оқибатда Qurilish ta’minoti маъмурий бино қурилишида бажарилмаган 905 млн сўмлик қисми ёки объект умумий қийматининг 8 фоиз қурилиш ишлари ҳужжатларида қўшиб ёзиб, давлат бюджети маблағларини талон-тарож қилгани маълум бўлди.

Жиззах вилоят прокуратураси томонидан мансабдор шахсларга нисбатан ЖКнинг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми «а» банди ва 205-моддаси (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) 2-қисми «а» банди, 209-моддаси ва 1-қисми (Мансаб сохтакорлиги) билан жиноят иши қўзғатилди.

«Газета.uz» суриштирига мувофиқ, 290 млрд сўмдан ортиқ йирик давлат буюртмаларини қўлга киритган компаниялардан бири Qurilish Ta’minoti (унинг ўғлига тегишли) корхонасига 1998−2010 йилларда Акрам Раҳмонқуловнинг ўзи ҳам раҳбарлик қилган. Шунингдек, J-Quruvchi таҳминларга кўра, Акрам Раҳмонқуловнинг қариндошига тегишли, Abduvohid Qurilish Ta’mir раҳбари эса унга она томондан қариндошлиги маълум қилинган.

15 январь куни президент Шавкат Мирзиёев «Жиззах вилояти ҳокими ўринбосари сиёсатимизга хиёнат қилди», дея таъкидлаган эди. Давлат раҳбари ҳоким ўринбосарида «9 та бунақа уйи бор» дея айтган эди. Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошевга вазиятни назоратга олиш ва мансабдор шахсларга нисбатан қонуний чора кўриш бўйича топшириқ ҳам берилганди.

19 январга келиб эса Жиззах вилояти ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари лавозимига Назаров Бахром Амонович тайинланди. Лекин, бунга қадар ушбу лавозимда ишлаган Акрам Раҳмонқулов нима сабабдан бўшатилгани ҳақида маълум қилинмади.

Бундан ташқари, «Газета.uz» ноябрда Жиззах шаҳри кўчаларини кўркамлаштириш бўйича 1,9 млрд сўмлик давлат буюртмасини My Flower МЧЖ ютгани ҳақида ёзган эди. Мазкур компания вилоят ҳокимининг Эргаш Солиевнинг қизи — Солиева Наргиза Эргашевнага (50,80% улуши) тегишли.