15 январь куни президент Шавкат Мирзиёев пойтахт туманларининг ҳокимлари ва сектор раҳбарлари, шунингдек, Юнусобод тумани маҳалла фаоллари ҳамда ёшлар билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар бермоқда.

Давлат раҳбари туман ҳокимларига мурожаат қилиб, Ўзбекистон ривожланиши учун барча шароит ва имкониятларга эга эканлигини қайд этди. «Фақат ҳалоллик керак. Халққа ҳалол, порасиз хизмат қилсаларинг, натижаси бўлади. Баракаси ҳам бўлади. Ўғирласаларинг барибир етиб бораман», — деди президент.

Шавкат Мирзиёев «президент сиёсатига хиёнат қилган» Жиззах вилояти ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосарини (Жиззах вилояти ҳокимлиги маълумотларига кўра, ҳокимнинг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Акрам Раҳмонқулов ҳисобланади) мисол қилиб кўрсатди.

Давлат раҳбари бош прокурор Ниғматилла Йўлдошевга вазиятни назоратга олиш ва мансабдор шахсларга нисбатан қонуний чора кўриш бўйича топшириқ берди.

«Бутун эл билиши керак. Бизни сиёсатимизга хиёнат қилди у ноинсоф, порахўр. Барибир бор бунақалар, шоли курмаксиз бўлмагандай, ўғрилар ҳам бор. Эски замонни қумсаган ноинсофлар бор. Улар эркинлик, очиқлик сиёсатини тушунмайди», — деди президент.

Давлат раҳбари ҳоким ўринбосарида «9 та бунақа уйи бор» дея таъкидлади. У Акрам Раҳмонқулов айнан қандай ҳуқуқбузарликда айбланаётганига аниқлик киритмаган.

Аввалроқ, «Газета.uz» ва блогер Davletov.uz ҳокимиятнинг «Ягона буюртмачи хизмати»дан қарийб 292,1 млрд сўмлик йирик давлат буюртмаларини Qurilish Ta’minoti, J-Quruvchi и Abduvohid Qurilish Ta’mir компаниялар қўлга киритгани ҳақида ёзган эди. Ушбу компаниялар таъсисчилари вилоят ҳокими ўринбосари Акрам Раҳмонқуловга алоқадор бўлиши мумкин.

Бундан ташқари, 10 январь куни кечга яқин Жиззахда 6 қаватли бино, 1−2 қаватлари савдо доконлари, 3−6 қаватлари эса квартираларга мўлжалланган объект ҳам қулаб тушган эди. Ҳодиса юзасидан вилоят прокуратураси Жиззах вилояти қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси мансабдор шахсларига нисбатан ЖКнинг 207-моддаси (Мансабга совуққонлик билан қараш) билан жиноят иши қўзғатган эди. Қурилиш вазири Ботир Зокиров мазкур объект қурилишини «тўғридан-тўғри коррупцион схема», деб атади.