Жиззах вилояти ҳокимлиги Ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компанияси 2020 йил ноябрь ойида Жиззах шаҳри кўчаларини кўркамлаштириш мақсадида Шароф Рашидов кўчасига манзарали дарахтлар ва гуллар экиш учун буюртмачиларни танлаб олиш мақсадида танлов эълон қилган. Ушбу 1 млрд сўмлик давлат буюртмасини My Flower МЧЖ ютган.

Маблағлар вилоят ҳокими Салиев Эргаш Алибекович фармойиши билан маҳаллий бюджетнинг ошириб бажарилган қисмидан ажратилган. Ҳоким мазкур фармойишни тасдиқлаш учун халқ депутатлари вилоят кенгашининг навбатдаги сессиясига киритишни биринчи ўринбосарига топширган

2020 йил февралда Жиззах шаҳри кўчаларига мавсумий гуллар экиш объекти бўйича ўтказилган танловда ҳам My Flower МЧЖ пудратчи сифатида ғолиб бўлган. Лойиҳа қиймати 1 млрд 69 млн сўм.

My Flower МЧЖ 2019 йилнинг май ойида давлат рўйхатидан ўтказилган бўлиб, субъектининг 50,80% улушига Салиева Наргиза Эргашевна, 49,20 фоизига эса Холмўминов Зоҳиджон Холмурод ўғли эгалик қилади. Корхона гуллар ва уларнинг уруғларини етиштириш билан шуғулланади. Бунга блогер Davletovuz эътибор қаратди.

«Бизда тасодифлар бўлмайди. Бюджет пули сарфи ҳокимларнинг қўлида. Ҳокимлар эса кимгадир ота, ака, ука, ўғил. Пул ва қариндошнинг бегонаси бўлмайди», — дейди у.

Жиззах хокимиятининг матбуот хизмати «Газета.uz» нинг сўровига жавоб сифатида ҳокимнинг шахсий ҳаёти тўғрисида ҳеч қандай маълумотга эга эмаслигини айтди.