10 январь куни кечга яқин Жиззах шаҳрининг Мустақиллик кўчасида қурилаётган 6 қаватли, 1−2 қаватлари савдо дўкони, 3−6 қаватлари уйга мўлжалланган 240 кв.млик бино қулаб тушган эди. Кейинчалик бинонинг қулаш сабабларини аниқлаш борасида Жиззах вилояти прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари бошланган эди.

Ҳолат юзасидан ўтказилган терговга қадар текширув натижасига кўра Жиззах вилояти қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 207-моддаси (Мансабга совуққонлик билан қараш) билан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, дастлабки хабарларда бинони «Чорвадор-Қоракўл-Барака» МЧЖ қургани ҳақида сўз юритилди. «Газета.uz» Barakali Qorako’l Chorvador фермер хўжалиги ҳақида гап бораётганини аниқлади. Бироқ, «Баракали қоракўл чорвадор» фермер хўжалиги раҳбари Жиззахда қулаб тушган 6 қаватли уйнинг эгаси эканлиги ҳақидаги хабарларни рад этди.