9 ноябрь куни Вазирлар Маҳкамасининг «Лойиҳа-қидирув ва қурилиш-пудрат ташкилотлари рейтингини ҳисоблаш ва юритиш тартибини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжатга мувофиқ, Қурилиш вазирлиги шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун тегишли лицензияга эга юридик шахслар рўйхатини шакллантиради ва «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизимида ташкил этилган рейтинг дастурига жойлаштиради. Рейтинг учун зарур маълумотларни беш кун мобайнида вазирлик ва идоралар ахборот тизими билан интеграциялаштирилган дастурий таъминот воситасида киритади. Қурилиш вазирлиги эса мазкур маълумотлар асосида «Шаффоф қурилиш» тизими кўмагида рейтингни автоматик равишда ҳисоблаб чиқади. Натижалар вазирлик сайтида эълон қилиб бориши белгиланган.

Қурилиш вазирлиги Матбуот хизмати раҳбари Жамолиддин Қаландаров «Газета.uz» мухбирига мазкур рейтинг натижалари танлов савдоларида [тендер] қўлланилиши, рейтингда юқори ўринда турувчи ташкилотлар танлов иштирокчилари орасида устунликка эга бўлишини маълум қилди.

Шу билан бирга, қарорга мувофиқ, «Лойиҳа-қидирув ва қурилиш-пудрат ташкилотлари рейтингини ҳисоблаш ва юритиш тартиби тўғрисида"ги низом тасдиқланмоқда.

Унга кўра, қурилиш-пудрат ташкилотлари рейтинги уларнинг салоҳиятидан келиб чиқиб, 6 та гуруҳдан иборат меъзонлар билан ўлчанади ва ўзида 71 та кўрсаткични қамраб олади. Салоҳиятни аниқлашда ташкилотнинг малакали мутахассилари, молиявий кўрсаткичлари, бажарган ишларининг сифати, иш тажрибаси, техник базаси, рақобатдошлилиги каби мезонлар инобатга олинади.

Рейтинг баллари тегишли кўрсаткичлар бўйича энг юқори баллга эга бўлган лойиҳа-қидирув ва қурилиш-пудрат ташкилотлари аниқланади. Ҳар бир мезон кўрсаткич баллар [фоизлар] йиғиндисидан иборат ва улар ташкилотлар рейтингини аниқлаб беради.

Лойиҳа-қидирув ташкилотлари рейтинги — корпоратив бошқарув тизими, молиявий барқарорлиги, самарадорлиги ва соҳадаги фаоллиги, фаолият натижадорлиги, ишлаб чиқариш самарадорлиги ҳамда соҳага оид бошқа мезонлардан иборат 25 та кўрсаткич бўйича аниқланади.

Низомнинг 3-иловаси.

Қурилиш-пудрат ташкилотлари рейтинги — кадрлар сиёсати [23%], молиявий кўрсаткичлари [21,5%], рақобатбардошлиги [20%], иш тажрибаси [16%], моддий техник база [10%], меҳнатни муҳофаза қилиш ва техника хавфсизлиги [6,5%], технологиялаштириш [3%] каби гуруҳ мезонларида 20 та мезон ва 60 та кўрсаткичда аниқланади.

Графика: Қурилиш вазирлиги ахборот хизмати.

Қурилиш-пудратчи ташкилотлар рейтинг натижалари ишончлилик тоифаси бўйича А, B, C, D даражаларига, улар ўз навбатида рейтинг баҳосига ажратилган. Ишончлилик даражаси эса биринчи, иккинчи ва учинчи тоифаларда юқори, ўрта, қониқарли ва қуйи даражаларга бўлинади. Умумий баллар фоизларда кўрсатилади ва биринчи юқори даражада [AAA] 85 фоиздан юқори, учинчи қуйи даражада эса [D] 5 фоизгача баҳоланади. Шу орқали лойиҳа-қидирув ва қурилиш-пудратчи ташкилотлар рейтинги ҳисоблаб чиқилади. Рейтинг натижалари минимал хавф [энг юқори даража] ва юқори хавф [энг паст даража]лар бўйича баҳоланади.


Қурилиш-пудрат ташкилотлари рейтинги натижаларига кўра, ташкилот баҳоси «A» ва «B» даражасидаги ишончлилик тоифасига мансуб бўлган тақдирда, объект фойдаланишга топширилгач, буюртмачи томонидан кафолат муддати инобатга олинмасдан объект қийматининг 5 фоизи миқдорида маблағ тўлаб берилади.

Умуман олганда, мазкур рейтингни юритиш лойиҳа-қидирув ва қурилиш-пудрат ташкилотлари ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, уларнинг фаолиятини рағбатлантириш, қолаверса, қурилиш-монтаж ва лойиҳа ишлари сифатини соҳалар бўйича дунёдаги етакчи мамлакатлардаги даражага олиб чиқишга замин яратади.

Қурилиш вазирлиги матбуот хизмати раҳбари, шунингдек, рейтинг учун махсус сайт яратилгани ва ҳозирда унда илк натижалар киритилганини маълум қилди. Унинг қайд этишича, рейтингни ишлаб чиқиш учун «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизимига киритиладиган маълумотлар барча учун очиқ ва бу компаниялар ҳақида ишончли маълумот олиш учун платформа вазифасини ўтайди.

Махсус веб саҳифада қайд этилган маълумотга қараганда, ҳозирда жами 36 198 та ташкилот рўйхатдан ўтган. Шундан энг юқори натижа қаторида «биринчи ўрта даража» тоифасида иккита, «иккинчи ўрта даража»да еттита, «учинчи ўрта даража»да 12 та, «биринчи қониқарли даража»да 237 та ташкилот қайд этилган. Ҳозирча юқори даража тоифасига бирор компания киритилмаган. Энг паст натижада эса — «учинчи қуйи даража» тоифасида 16 та ташкилот келтирилган. Қолган субъектлар «иккинчи қуйи даража»дан «иккинчи қониқарли даража» тоифасигача киритилган.

Маълумот ўрнида, ушбу низом талаблари Ўзбекистонда фаолият юритаётган хорижий лойиҳа-қидирув ва қурилиш-пудрат ташкилотларига нисбатан татбиқ этилмайди.

Аввалроқ, президент фармони билан қурилиш корхоналарига ишчиларни уларга иш ҳақини нақд пулда тўлаш ҳуқуқи билан шартнома тузмасдан ёллашга муддатли равишда рухсат берилгани ҳақида хабар қилгандик. Бунда нақд пул меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг 10 фоизидан ошмаслиги, ишчиларни ижтимоий ҳимоя қилиш кафолатлари сақлаб қолиниши белгиланган эди.