Тошкент вилояти ҳокимининг уйида чироқ ўчди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Тошкент вилояти ҳокими в.б. Даврон Ҳидоятов хизмат уйига кўчиб ўтишидан бир ҳафта ўтиб, чироқ ўчганини маълум қилди.

«Суриштирсам, қарздорлик бор экан. Мендан аввал бу уйда яшаганлар электр ҳақини тўламаган. Менга айтишдики, фармойиш билан ҳокимият ҳисобидан бу қарздорликни бартараф этиш мумкин… Нега? Ҳокимият уй-жой билан таъминлаши мумкиндир, лекин коммунал хизматга тўловни у ҳоким бўладими, прокурор бўладими, шахсан ўзи амалга ошириши керак!», — дея таъкидлади вилоят раҳбари.

«Нега амалдор ишлатган электр бюджетдан, халқ пулидан қопланиши керак? Мен бунақа фармойишларга қўл қўймайман!», — деди у.

Олдинроқ, Тошкент вилояти ҳокими бир ҳафта ичида вилоят, шаҳар ва туманлар ҳокимликлари электрон ҳужжат айланиш тизимига тўлиқ ўтказилишини айтган эди.

Маълумот учун, Даврон Ҳидоятов президентнинг 30 январдаги фармони билан Тошкент вилояти ҳокими Рустам Холматовнинг ўрнига вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланган эди. Тайинловдан олдин у Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари лавозимида фаолият юритган.