Тошкент вилояти ҳокимлигида ўтказилган навбатдаги «Ҳокимлик соати»да яқинда лавозимга тайинланган вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Даврон Ҳидоятов ҳудуддаги муаммо ва камчиликларни муҳокама қилди. Бу ҳақда «Газета.uz»га вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Ҳоким йиғилишда вилоятдаги барча раҳбар лавозимида фаолият юритаётган мансабдорларга муҳим иккита топшириқ берган.

«Биринчидан, бир ҳафта муддатда Тошкент вилояти ҳокимлиги, шаҳар ва туманлар ҳокимликлари электрон ҳужжат айланиш тизимига тўлиқ ўтказилади. Қоғозбозлик максимал даражада камайтирилади. Иккинчидан, икки йил ичида вилоятда боғча ёшидаги болаларнинг мактабгача таълимга қамраб олиниши 100 фоизга етказилиши бўйича чора-тадбирлар кўрилади», дейилади хабарда.

Бундан ташқари, мажлисда Ҳидоятов инвесторлар билан ишлаш масаласига эътибор қаратган. У йирик инвестициявий лойиҳалар амалга оширилиши кўзланган ҳудудлар — Бўка, Бўстонлиқ, Пискент, Оҳангарон туманлари ҳамда Ангрен ва Оҳангарон шаҳарларидаги вазиятни ўнглаш бўйича ҳокимларга топшириқлар берган.

Йиғилишда 2020 йилги инвестиция дастури асосида қурилаётган объектларидаги жорий вазиятга ҳам тўхтаб ўтилган.

Қайд этилишича, вилоятда ўтган йили жами 177 та ижтимоий соҳа объектлари учун 2 трлн 168 млн сўм ажратилган. Жумладан, вилоят ҳокимлиги буюртмачилигида — 607 млрд 118 млн сўмлик 69 та объект, вазирлик ва идоралар буюртмачилигида — 1 трлн 409 млн сўмлик 108 та объектни қуриш ва таъмирлаш белгиланган.

2020 йилда 62 та объектдан, 40 таси ёки 61,2 фоиз объект фойдаланишга топширилган. Қолган 22 та объект эса фойдаланишга топширилмаган.

Вилоят ҳокими ана шу объектлар қурилишига масъул бўлган шахсларга ҳуқуқ-тартибот идораларини жалб этган ҳолда, чора кўриш бўйича топшириқ берди.

Маданият марказлари

Шунингдек, жорий йил вилоятда 13 та янги маданият маркази қурилади, яна 9 таси реконструкция қилинади. 7 та маданият ва истироҳат боғлари ташкил этилиб, 4 та театр фаолияти йўлга қўйилиши (шундан, 1 та қўғирчоқ театри), 3 та маданият дам олиш маркази барпо этилиши мақсад қилинган. Режада 5 та маданий мерос объектини таъмирлаш ҳамда Ўрта Чирчиқда 1 та Болалар мусиқа ва санъат мактабини қуриш ҳам бор.

Тошкент вилоятида жами 71 та маданият маркази мавжуд бўлиб, уларнинг мусиқа асбоблари билан таъминланганлик даражаси ўртача 30 фоизни ташкил этади.

Йиғилишда президент Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 1−3 июнь кунлари Тошкент вилоятига ташрифи арафасида Бўка туманидаги «Бўстон» ва «Мустақил Ўзбекистон» маданият марказлари таъмирланган бўлсада, улар ҳануз замонавий чолғу асбоблари билан таъминланмаганлиги айтилди. Бу борада маҳаллий ҳокимлик томонидан маблағ ажратиш бўйича амалий чора кўрилмаган.

Йиғилишда 2020 йилда бирорта ҳам шаҳар ва туманларда таълим муассасаларини мусиқа асбоблари билан таъминлаш учун маҳаллий бюджетдан ҳеч қандай маблағ ажратилмагани таъкидланди.

«Саломатлик йўлаклари»

2021 йилда вилоятда «Саломатлик йўлаклари»ни ташкил этиш бўйича дастлабки лойиҳалар ишлаб чиқилган ва йўлаклар масофаси 107,6 км этиб белгиланган. Шундан, велосипед йўли 54,4 кмни, пиёдалар йўлаги 53,2 кмни ташкил этади.

Шаҳар ва туманларда 30 та 3−5 кмлик юриш, югуриш ва велосипед йўлаклари, 24 та стадион, 1 та бассейн, гимнастика зали ташкил этилади. Шу билан бирга, 1050 та маҳаллада «Work оut» ва Стритбол майдончалари барпо этиш кўзда тутилган.

Мазкур йўналишда муаммолар ҳам талайгина. Хусусан, Паркент туманидаги Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби учун ажратилган 5,9 млрд сўм маблағ эвазига «Ҳўжа» маҳалласида «Кураш аренаси» ва бокс зали 2018 йилда қуриб, топширилиши белгиланган эди. Бугунги кунга қадар қурилиш ишлари якунига етказилмаган.

Ҳозирги кунда ушбу лойиҳа пудратчиси «Машхур» МЧЖга нисбатан ҳуқуқий чора кўриш юзасидан Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан Бош прокуротурага тақдимнома киритилган.

Бундан ташқари, давлат раҳбарининг 2019 йилнинг 1−3 июнь кунлари вилоятга ташрифи давомида Янгийўл туманида енгил конструкцияли сэнвич панелдан спорт зали қуриш топшириғи берилганди.

Аммо, «Ягона буюртмачи хизмати» ИК томонидан молиялаштириш масалалари тўлиқ амалга оширилмагани боис ҳозирда қурилиш ишлари якунига етказилмаган.

АКТ

2021 йилда Тошкент вилоятида 17 та рақамли технологиялар ўқув маркази, 1 та Робототехника маркази, 8 та IT мактаблар ташкил этилиши режа қилинган.

Бундан ташқари, Нурафшон шаҳрида Тошкент давлат ахборот технологиялари университетининг филиали ва техникуми ташкил этилиши ҳамда сентябрь ойида ишга туширилиши белгиланган.

Бироқ, бугунгача университет филиали ва техникумни барпо этиш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқилмаган. Бу борада Нурафшон шаҳар ҳокимлиги ташаббус кўрсатиши, лойиҳа хужжатларини ишлаб чиқиб, тез фурсатларда қурилиш ишларини бошлаш бўйича амалий чора-тадбирлар белгилаши лозимлиги айтилди.

Қолаверса, Зангиота, Қибрай, Қуйичирчиқ, Ўртачирчиқ туманларидаги ахборот кутубхона марказларини юқори тезликдаги интернет тармоғига улаш, электрон кутубхоналар ташкил этиш бўйича чоралар кўриш зарурлиги қайд этилди.

Бундан ташқари, вилоятда 7 та электрон кутубхона, 5 та Ахборот кутубхона маркази, 7 та Bookcafé ташкил этилиши режалаштирилган. Бугунги кунда вилоятда 21 та Ахборот кутубхона маркази мавжуд бўлиб, шундан 9 таси — Оҳангарон ва Янгийўл шаҳарлари, Янгийўл, Бекобод, Қуйи Чирчиқ ва Чиноз туманларида ўз биносига эга эмас.

Аҳоли бандлигини таъминлаш

Хотин-қизлар бандлиги таъминлаш мақсадида «Ўзпахтасаноат» АЖ томонидан вилоятда 26 та тўқимачилик ва тикув-трикотаж корхоналари ташкил этилган.

Аммо жамият томонидан корхоналарда қурилиш, жиҳозлаш ишлари якунига етказилмагани сабаб Янгийўл туманидаги 150 ўринга мўлжалланган «Trade LineTekstil» МЧЖга қарашли корхона, Қуйичирчиқ туманидаги «Пахтазор», «Навқирон», «Маданият» маҳалларидаги жами 3 та тикувчилик корхоналари фаолияти йўлга қўйилмаган.

Вилоятнинг янги раҳбари юқоридаги муаммо ва камчиликларни қисқа муддатларда бартараф этиш бўйича барча масъулларга кўрсатма ва топшириқлар бергани маълум қилинди.

Эслатиб ўтамиз, Даврон Ҳидоятов президентнинг 30 январдаги фармони билан Тошкент вилояти ҳокими Рустам Холматовнинг ўрнига вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланган эди. Тайинловдан олдин у Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари лавозимида фаолият юритган.