Яқин икки йил ичида Ўзбекистонда рақамли инфратузилмани ривожлантириш учун 2,5 млрд доллар жалб этилади. Бу ҳақда бош вазир Абдулла Арипов 5 февраль куни Олмаота шаҳрида бўлиб ўтган форумдаги чиқишида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, ушбу маблағлар ҳисобига Тошкентда, Бухорода ва Қўқонда учта янги data-марказлар ишга туширилиши, телекоммуникацияларнинг фиксация қилинган тармоқларини кенгайтириш ва мобил алоқаларни модернизация қилиш, электрон ҳукуматни ривожлантириш ва IT соҳасида кадрларни тайёрлаш ишлари амалга оширилади.

Ҳукумат раҳбари ўз чиқишида барча болалар боғчаларида, тиббиёт муассасаларида ва 8000дан ортиқ мактабларда юқори тезликдаги интернет ўрнатилишини маълум қилди. «Бу йил биз қолган мактабларни улашни, шунингдек барча маҳалла фуқаролар йиғинларини — бутун мамлакат бўйича 10 минг — интернет билан таъминлашни режалаштиряпмиз», — дея қўшимча қилди бош вазир.

Абдулла Арипов жорий йилда соғлиқни сақлаш ва қишлоқ хўжалаги соҳаларида рақамлаштиришни кенгайтириш ҳамда банк соҳасидаги трансформацияни давом эттириш кўзда тутилганлигини таъкидлади.

Рақамли тадбиркорликни ривожлантириш ҳам устувор вазифаларга кирган, дея давом эттирди бош вазир. У мамлакатда рақамли хизматларга талаб сезиларли даражада ошганлигини, электрон тўлов тизимлари фойдаланувчилари сони 14 миллион кишидан ортганлигини қайд этди.

Рақамли форумда Евроосиё иқтисодий иттифоқи аъзо ва кузатувчи мамлакатлари ҳукумати раҳбарлари қатнашди. Шу куни Олмаотада Евроосиё ҳукуматлараро кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Ўзбекистон ушбу йиғилишда биринчи маротаба қатнашмоқда.

4 февраль куни форум олдидан Абдулла Орипов Россия бош вазири Михаил Мишустин билан учрашди. Ҳукумат раҳбарлари президент Шавкат Мирзиёевнинг санитария-эпидемиологик чекловлар туфайли март-апрель ойларига қолдирилган Москва шаҳрига бўладиган расмий ташрифига тайёргарликни муҳокама қилишди.