Ижтимоий тармоқларда Фарғона ва Сурхондарё вилоятлари ҳудудида бола ўғрилари аниқлангани билан изоҳланган видеолар тарқалди.

Мазкур хабарлар вилоятлар ИИБлари томонидан назоратга олиниб, ўрганиш ишлари олиб борилган.

Хусусан, «Фарғонада ёш болани машинанинг юкхонасига солиб олиб кетмоқчи бўлибди» мазмунидаги хабар юзасидан қуйидагилар маълум қилинди.

2024 йилнинг 14 май куни Қўқон шаҳар Ободюрт кўчасида яшовчи вояга етмаган М.М. ушбу маҳаллада турар жойга эга бўлган қўшниси М.А.га тегишли уйнинг девор ва ойнасига тош отиб синдирган. Буни кўрган М.А. вояга етмаган шахсни қўрқитиб қўйиш мақсадида ўзига тегишли бўлган Nexia 2 автомашинасининг юкхонасига солиб автомашинани ҳаракатлантирган пайтда М.М.нинг онаси В.Т. кўчага чиқиб, машинани тўхтатиб, фарзандини машинадан тушириб олган ҳамда ўртада ўзаро жанжал келиб чиққан.

Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро М.А.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) тартибида ҳужжатлар расмийлаштирилиб, тегишли суд органига юбориш чораси кўрилган.

Фуқаролардан ваҳима ва саросимага тушмасликларини ҳамда ишончсиз, текширилмаган маълумотларни тарқатмасликларини сўраймиз.

Сурхондарё вилоятида бўлгани айтилган ҳолат ҳам ҳақиқатдан йироқ экани маълум қилинди.

Қайд этилишича, ҳолат Қумқўрғон тумани ИИБ ходимлари томонидан ўрганилганда, ушбу шахслар Молдова фуқаролари экани аниқланган. Улар хўжалик буюмларини сотиб юрганини маълум қилган ҳамда туман фуқаролари ўртасида келишмовчилик келиб чиққанлиги маълум бўлган. Ушбу ҳолат юзасидан Қумқўрғон тумани ИИБ томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.