Дунёнинг 75 та оммавий ахборот воситаси журналистлари биргаликда Dubai Unlocked (Фош этилган Дубай) суриштирувини эълон қилди. Суриштирув, жумладан, турли мамлакатларда жиноят қилганликда айбланаётган Дубайдаги кўчмас мулк эгалари, коррупцияда айбланган сиёсатчилар, терроризмни молиялаштирганлик учун санкцияларга учраган тадбиркорлар ҳақида ҳикоя қилади.

Маълумотлар орасида Ўзбекистонга алоқадор фақатгина бир шахс қайд этилган. Бу Ўзбекистон собиқ бош прокурори Рашитжон Қодировнинг ўғли Алишербек Қодиров ҳисобланади. Унинг Marina Plaza бизнес марказида 4 та офисга эгалик қилиши, уларнинг жами қиймати эса деярли 8 млн доллар экани қайд этилган.

dubai unlocked, алишербек қодиров, рашитжон қодиров

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Алишербек Қодировни 2018 йил мартида қидирувга берган. Ўшанда, ИИВ маълумотларига кўра, унга (1979 йилда туғилган) нисбатан қуйидаги моддалар билан жиноят иши қўзғатилган:

  • 165-модда 2-қисм «а» банди — Товламачилик, такроран ёки хавфли рецидивст томонидан;
  • 165-модда 3-қисм «а» банди — Жуда кўп миқдордаги товламачилик;
  • 168-модда 3-қисм «а» банди — Фирибгарлик;
  • 168-модда 4-қисм «а» банди — Жуда кўп миқдорда фирибгарлик.

Рашитжон Қодировнинг ўзи 2018 йил февралида Жиноят кодексининг 165 (Товламачилик), 205 (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш), 210-модда (Пора олиш), шунингдек, бошқа мансабдорлик ва иқтисодий жиноятларни содир этишда айбланиб, жиноят ишига айбланувчи тариқасида жалб қилинган ҳамда унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланганди.

2019 йил 7 январь куни эса Жиноят ишлари бўйича Юнусобод тумани судида Рашитжон Қодиров устидан ёпиқ суд жараёни бошланган. 26 июнь куни Рашитжон Қодиров 10 йилга озодликдан маҳрум қилинган. 2023 йил 5 январь куни Kun.uz ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардаги манбаларига таяниб, собиқ бош прокурор шартли равишда қамоқдан озод этилгани ҳақида хабар берганди.

Рашитжон Қодиров 2000—2015 йилларда бош прокурор лавозимида ишлаган, 2015−2017 йилларда Конституцион суд судьяси бўлган.

Dubai Unlocked суриштируви ҳақида

Суриштирув иштирокчиларидан бири бўлган Коррупция ва уюшган жиноятчиликни тадқиқ этиш институти (OCCRP) кўп йиллар давомида Дубай, жумладан, кўчмас мулк бозори орқали пул ювиш амалга оширилган асосий жойлардан бири ҳисобланганини қайд этган. Муаллифларнинг таъкидлашича, Dubai Unlocked суриштирувида журналистлар Дубайда кўчмас мулкка эгалик қилиш масаласини биринчи марта глобал миқёсда кўриб чиққан.

Текширув Дубайдаги кўчмас мулклар ҳақидаги асосан Дубай ер департаменти, шунингдек, давлат коммунал хизматларидан «сизиб чиққан» кўплаб маълумотларга асосланади. 2020−2022 йилларда «чиқиб кетган» маълумотлар юз минглаб кўчмас мулк эгалари ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олади.

Маълумотларни халқаро жиноятчилик ва можароларни ўрганувчи Вашингтонда жойлашган нотижорат ташкилот — АҚШнинг Истиқболли мудофаа тадқиқотлари маркази (C4ADS) қўлга киритган. Ташкилот кейинчалик уларни Норвегиянинг E24 нашри ва OCCRP`га берган (иккинчиси суриштирув иштирокчиларининг ишини мувофиқлаштирган).

OCCRP`нинг қайд этишича, журналистлар Дубайдаги кўчмас мулки эгалари ҳақидаги маълумотларни фақат жамоат манфаатларига мос келувчи ҳоллардагина ошкор қилган. Хусусан, улар жиноят содир этганликда айбланган ёки судланган мулк эгалари, санкциялар хавфи мавжуд шахслар, шунингдек, мансабдор шахслар ва уларнинг яқинлари, жумладан, коррупцияда ёки ўз мулкини жамоатчиликдан яширганликда айбланаётган шахслар ҳақида маълумот берган.