Бир неча ой давомида Россия қўшинлари қурол ва ўқ-дорилар етишмаётган Украина қўшинларига қарши фақат «чекланган даражадаги муваффақиятларга» эришди, деб ёзмоқда Bloomberg.

Ҳозирда Америка ва Европа иттифоқчиларидан Украинага қурол етказиб бериш қайта бошланганидан сўнг Россия Украина шаҳарларидаги энергетика инфратузилмасига ракета ва дронлардан зарба беришда давом этаётган бўлса-да, «Россия ютуғи учун ойналар ёпилиб бормоқда», — дейилади материалда.

Агентликнинг қайд этишича, Россиянинг Харьков вилоятида янги фронт очишга уриниши Россия президенти Владимир Путин томонидан белгилаб берилган чегара бўйлаб буфер зона яратиш мақсадига эриша олмагани учун «боши берк кўчага кириб қолган».

Россия қўшинлари, шунингдек, февраль ойида Украинанинг Авдеевка шаҳрини «катта йўқотишлар эвазига» қўлга киритганидан сўнг «жуда кам муваффақиятга эришди» ва сўнгги бир неча ҳафта ичида улар шарқий Донецк вилоятидаги Часов Яр шаҳрини эгаллашга ҳаракат қилди, деб қайд этади Bloomberg.

«Бу Путин учун тобора жиддий муаммога айланиб бормоқда, чунки армиянинг ҳарбий устунлиги заифлаша бошламоқда», — дейилади мақолада. Мутахассислар томонидан Россия қўллаётган «қирғинбарот уруш» стратегияси Россия армиясининг ўзи учун «жуда қиммат ва қонли» дея баҳоланмоқда.

Bloomberg нашрининг таъкидлашича, АҚШ Конгресси Киевга узоқ кутилган 61 миллиард долларлик ёрдам пакетини маъқуллаганидан сўнг Украинага қурол-яроғлар кириб келгани сабабли мувозанат ўзгара бошлаган. Шу билан бирга, агентлик маълумотларига кўра, етказиб беришнинг кечикиши даврида Украина қўшинлари Россия армиясининг ўн баробар устунлигига қарамай, умуман олганда, чизиқни ушлаб тура олган.

Украина президенти Владимир Зеленский ҳам Россиянинг Харьков вилоятидаги ҳужуми муваффақиятсизликка учраганини маълум қилди. «Аҳамиятли натижа шундаки, Россия армияси Харьков операциясини амалга ошира олмади. Биз ҳозир уларни имкон қадар ушлаб турамиз ва еримизга кириб, Харьков вилоятини ваҳимага солаётган рус бўлинмаларини йўқ қиламиз. Бу йўналиш мустаҳкам ва янада мустаҳкамроқ бўлади», — деган у.

Украина Қуролли кучлари бош қўмондони Александр Сирский ўтган ҳафта Россия бир неча фронтда, жумладан, Харьковда ҳам ҳужумлар давом этаётганини ва вазият «қийинлигича қолаётганини» айтганди.

  • Россия 10 май куни Харьков вилоятининг шимоли-шарқий ҳудудларига янги ҳужум бошлаган. Унинг асосий мақсади, таҳлилчиларнинг фикрига кўра, 10 км буфер зонасини яратиш ва Украина кучларини фронтнинг бошқа секторларидан чалғитиш бўлган.
  • Бу Россиянинг Харьков вилоятида ҳужум уюштиришга иккинчи уриниши бўлди. Россия армияси кенг кўламли босқиннинг аввалида минтақанинг чегара ҳудудларини эгаллаб олган, аммо Украина Қуролли кучлари 2022 йил кузида муваффақиятли қарши ҳужум пайтида уларни қайтариб олганди.