7 июнь куни Дания пойтахти Копенгаген шаҳрида бош вазир Метте Фредериксенга ҳужум уюштирилди, дея хабар бермоқда Ekstra Bladet нашри ҳукумат раҳбари идорасига таяниб.

Билдирилишича, эркак Фредериксенга Эски шаҳардаги Культорвет майдонида ҳужум қилган. Бош вазир «бўлган воқеадан ҳайратда». Ҳукумат раҳбари девони бошқа изоҳ бермади.

Бош вазирнинг аҳволи яхши экани, аммо содир бўлган воқеадан «жуда ҳайратда» экани қайд этилди. Унга ҳужум қилган шахс қўлга олинди.

Маълумот учун, Метте Фредериксен 47 ёшда, у 2019 йил 27 июндан бери Дания бош вазири лавозимида ишлаб келмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 15 май куни Словакия бош вазири Роберт Фицо ҳужум оқибатида яраланганди. Сиёсатчи Гандлова шаҳрида ҳукумат мажлисидан чиққан пайти ўқ узилган. Фицога суиқасд уюштиришда гумон қилинган 71 ёшли ёзувчи Журай Цинтула ҳужум жойида қўлга олинган. Унга 25 йиллик қамоқ жазоси берилиши кутилмоқда. Цинтула ўз ҳаракатини ҳукумат сиёсатидан рози эмаслиги билан изоҳлаган. 31 май куни Фицо касалхонадан чиққан.