Жанубий Кореянинг Samsung Electronics касаба уюшмаси компаниянинг 55 йиллик тарихида биринчи марта иш ташлаш ўтказди, деб хабар бермоқда Reuters.

Иш ташлаш 7 июнь куни Сеулдаги Samsung офиси яқинида бўлиб ўтди. Уни 28 мингга яқин аъзоси бўлган Samsung Electronics миллий иттифоқи (NSEU) ташкил қилди — бу компания барча ходимларининг бешдан бир қисми ҳисобланади. Улар иш ҳақини ошириш ва йиллик таътилга қўшимча кун беришни талаб қилмоқда.

«Бугунги иш ташлашдан мақсад раҳбарият билан мазмунли суҳбат қуришдир», — деди NSEU матбуот котиби Ли Хен Кук Reuters агентлигига.

Samsung Electronics иш ташлаш компаниянинг ишлаб чиқариш ва бизнес фаолиятига таъсир қилмаганини маълум қилди. «Биз иттифоқ билан чин дилдан ҳамкорлик қиламиз ва у билан музокараларни давом эттирамиз», — дейилади компания хабарида.

Таҳлилчиларнинг Reuters`га айтишича, иш ташлаш яримўтказгичлар ишлаб чиқариш ёки етказиб бериш жараёнига тезлик билан таъсир қилиши эҳтимолдан йироқ, бироқ бу компания сунъий интеллект соҳасида ўз мавқеини мустаҳкамлашга интилаётгани учун қўшимча босим ҳосил қилади.

Сўнгги бир неча йил дунёдаги энг йирик микросхема ишлаб чиқарувчиси учун қийин кечди, деб таъкидлади CNN. Коронавирус пандемияси давридаги компьютер чипларининг тарихий танқислиги ортидан ўтган йили талабнинг пасайиши юзага келди, чунки глобал иқтисодий ноаниқлик туфайли истеъмолчиларнинг электроникага иштаҳаси заифлигича қолмоқда. Аммо сунъий интеллектнинг ривожланиши туфайли компания бизнеси яхшиланди.

Май ойида Samsung жорий йилнинг биринчи чорагида операцион фойдаси ўн баравардан кўпроққа ўсгани ҳақида хабар берди. Бу компания Intel (INTC) ва Тайваннинг TSMC компаниялари билан рақобатлашадиган ҳудудларда сунъий интеллект ва юқори сифатли чипларга бўлган талабнинг кучайиши прогнозлари фонида содир бўлди.

Дунёдаги илғор микрочипларнинг аксарияти фақат иккита жойда ишлаб чиқарилади: Тайван ва Жанубий Корея. Тайван саноати каттароқ ва устунроқ, Жанубий Корея эса унга қарши чиқишга интилмоқда.