6 июнь куни Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида (Қозоғистон) «Нелегал-2024» рейд тадбирлари давомида 27 нафар Ўзбекистон фуқароси қўлга олинди, дея хабар бермоқда «Дунё» ахборот агентлиги.

Ўзбекистон бош консулхонаси маълумотига кўра, улар ноқонуний ишлагани ва Қозоғистонда бўлиб туриш қоидаларини бузганликда гумон қилиниб ушланган. Мазкур ҳолат бўйича Олмаота шаҳридаги бош консулхона томонидан ваколатли органларга тегишли сўров юборилган.

Хусусан, шаҳар полицияси билан алоқа ўрнатилиб, консуллик томонидан керакли чора-тадбирлар амалга оширилган. Шундан сўнг, 10 июнь куни фуқаролар ўз иш жойларига қайтарилган.

Улардан 4 нафарига меҳнат миграцияси соҳаси бўйича қонунчиликни бузгани учун суд томонидан маъмурий жавобгарлик тайинланган, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 3 июндан Қозоғистоннинг барча ҳудудларида миграция соҳасида ҳуқуқбузарликни аниқлаш мақсадида «Нелегал-2024» рейд тадбирлари ўтказилмоқда. Жараён давомида мамлакат ҳудудида қонуний бўлиб туриш ва қонуний меҳнат миграцияси тартибини бузган чет эл фуқароларига нисбатан тегишли чоралар кўрилмоқда.

Май ойи бошида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги фуқароларни Ўзбекистон-Қозоғистон ёки Россия-Қозоғистон чегарасини кесиб ўтишда нафақат Қозоғистон, балки Россия ҳудудига киришда ҳам ҳеч қандай тўсиқ йўқлигига олдиндан ишонч ҳосил қилиш зарурлиги ҳақида огоҳлантирганди.