Африка жануби-шарқидаги Малави вице-президенти авиаҳалокат оқибатида вафот этди, деб ёзмоқда Reuters.

51 ёшли Саулос Чилима ва яна тўққиз киши бўлган самолёт 10 июнь, душанба куни пойтахт Лилонгведан собиқ адлия вазири Ральф Касамбаранинг дафн маросими бўлиб ўтиши керак бўлган Мзузу шаҳрига учаётган бўлган. Кўринишнинг ёмонлашуви сабабли самолёт радар экранларидан ғойиб бўлган.

Кўп ўтмай, самолёт қолдиқлари тоғли ҳудуддан топилган. Малави президенти Лазарус Чаквера 11 июнь куни бортдагиларнинг барчаси ҳалок бўлганини маълум қилди.

Малави вице-президент мамлакатдаги иккинчи олий мансабдор шахс ҳисобланади. У АҚШда бўлгани каби президент билан биргаликда сайланади. Чилима 2014 йилдан бери вице-президент лавозимини эгаллаб келаётганди.

Қайд этилишича, марҳум вице-президент 2025 йилги сайловларда президентликка номзод бўлиши кутилаётганди. Чилима 2022 йилда порахўрликда айбланиб ҳибсга олинган. Бироқ 2024 йил май ойида ишни тўхтатиш тўғрисида билдиришнома юборилганидан сўнг Малави суди унга қўйилган айбловларни бекор қилган, Чилима эса айбини рад этганди.

Эслатиб ўтамиз, май ойида Эрон президенти Иброҳим Раисий вертолёт қулаши оқибатида ҳалок бўлганди. Президентдан ташқари, ташқи ишлар вазири ҳамда Эроннинг Шарқий Озарбайжон вилояти губернатори ҳам авиаҳалокат қурбони бўлган.