Пойтахтнинг Яккасарой тумани Юнус Ражабий кўчаси 60-уйда истиқомат қилувчи аҳоли икки йилдан бери ўз ҳовлиси ва ундаги футбол майдонини сақлаб қолиш учун курашмоқда. «Газета.uz» футбол майдони бузилиши хавфи хусусида батафсил ёзган эди. Спорт майдончасини сақлаб қолиш мақсадида Тошкент футбол ассосиацияси томонидан бу ерда пойтахтнинг учта тумани болалари ўртасидаги мусобақа ҳам ўтказганди.

Аҳоли ва спорт ташкилотларининг саъй-ҳаракатларига қарамай, 2024 йил январь ойида майдон ёнида объект паспорти пайдо бўлди: унинг ўрнига автотураргоҳга эга 5 қаватли офис биноси қурилиши режалаштирилмоқда. «Газета.uz» футбол майдончаси атрофидаги воқеалар ҳақида батафсил ҳикоя қилади.

футбол майдончаси, қайта қуриш, ҳовлилар

2022 йил 17 августда маҳалла аҳолиси вакиллари уйлар ўртасидаги 0,0561 гектар майдон e-auksion.uz сайтида сотувга қўйилганидан тасодифан хабар топди. Аукцион 2022 йил 13 сентябрда ўтказилиши режалаштирилган эди. Август ойида аҳоли аукционни тўхтатиш талаби билан Чилонзор туманлараро маъмурий судига мурожаат қилган. Суд даъвони қаноатлантирганига қарамай кимошди савдоси барибир ўтказилди. Судья аҳолига шаҳар ҳокимининг ҳовлининг 30 сотих майдонини шаҳар захира фондига ўтказиш тўғрисидаги қарори устидан судга даъво аризаси киритишни тавсия қилди. Ернинг муниципал мақоми уни давлат томонидан кимошди савдосига қўйилишига имкон беради, аҳоли шундан хавотирда.

Судьянинг тавсияси билан фуқаролар Чилонзор туманлараро маъмурий судига ҳокимнинг қарорини бекор қилиш талаби билан даъво аризаси киритди. Суд даъвони рад этди, Тошкент шаҳар маъмурий суди ва Олий судда бўлиб ўтган жараён ҳам худди шу қарор билан якунланди. Президент қабулхонаси ва туман прокуратураси аҳолининг мурожаатига қуруқ жавоб қайтарди. Шунга қарамай, қурилиш тўлқини бир муддат тинчиди.

60-уйда яшовчи Мукаррам Баҳромхўжаеванинг фикрича, қурилишнинг тинчиб қолишига аҳолининг унга қарши курашганлиги сабаб бўлди.

«[Ер] эгаси эндиликда қуриш истагида эмаслиги ва пулларини қайтариб олишга ҳаракат қилаётганини таъкидлади. Шунга қарамай, Олий суд ҳокимнинг қарорини ўз кучида қолдирганидан сўнг, қурувчи фикридан қайтди ва тайёр лойиҳа билан келди», — дейди Муккарам Баҳромхўжаева.

2024 йил январь ойи бошида маҳалла қўмитасида ер эгаси Дониёр Юсупов ва Яккасарой тумани ҳокими ўринбосари билан учрашув ўтказилиши керак эди. Йиғилишда туман ҳокимлиги вакили иштирок этмади, қурувчи эса қурилиш учун Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги билан келишилган рухсатнома ва лойиҳа эскизидан иборат ҳужжатлар тўпламини аҳоли кўриб чиқиши учун қолдирди.

Ҳужжатларга кўра, лойиҳа СанҚваН (СанПиН) талабларига жавоб беради. Коммунал хизматлар, шунингдек, Маданий мерос агентлиги ижобий хулоса берган. Майдон ўрнида пастки қаватларида ер ости автотураргоҳи ва савдо майдончаларига эга бўлган беш қаватли офис биноси қуриш режалаштирилмоқда.

футбол майдончаси, қайта қуриш, ҳовлилар

Шунингдек, аҳоли кимошди савдосига аввалига 5,61 сотих ер қўйилганидан норози — объект атрофида автомобиллар учун кириш йўллари бўлади, бино эса лойиҳа ҳужжатларида кўрсатилганидан кўпроқ ҳудудни эгаллайди. Бундан ташқари, офиснинг барча транспорт юкламаси ҳовлига тушади ва аҳоли учун ортиқча ташвиш туғдиради.

«Пойдевор бўйича бино 560 квадрат метр майдонни — бутун сотиб олинган ҳудудни эгаллайди, — дейди майдонча олдидаги уйда яшовчи Валерий Лавков. — Бироқ лойиҳа эскизида футбол майдони, гаражлар, ахлат қутиси мавжуд эмас, бутун бинонинг атрофида эса асфальтга ўхшаш кенг чизиқ тортилган, машиналар қандайдир тарзда бинога етиб бориши керак. Агар бино сотиб олинган ҳудудда қуриладиган бўлса, қолган ҳамма нарса сотиб олинмаган ҳудудда ташкил этилиши режалаштирилган».

Аҳоли ушбу лойиҳа турар-жой ҳовлисининг спорт ва дам олиш функциясини йўққа чиқаришидан хавотирда. Бугунги кунда ушбу футбол майдони 7000 нафар аҳоли истиқомат қиладиган бутун маҳаллада ягона ҳисобланади. Ундан тўртта кўп қаватли уй ва яқин атрофдаги хонадонларда яшайдиган болалар фойдаланади. Мукаррам Баҳромхўжаеванинг қайд этишича, майдон аҳоли маблағлари ҳисобидан қурилиб, ободонлаштирилган, бироқ улар майдонни уй балансига ўтказа олишмаган.

футбол майдончаси, қайта қуриш, ҳовлилар

«Кўча футболини ривожлантириш жуда муҳим, чунки мактаб ва тўгараклардаги машғулотлар боланинг етарли даражада жисмоний фаоллигини таъминлай олмаяпти, — дейди Тошкент Футбол ассоциацияси вице-президенти, хизмат кўрсатган спортчи ва футбол мураббийи Азамат Абдураимов „Газета.uz“ мухбири билан суҳбатда. — Аксарият ўғил болаларнинг болалиги кўчада ўтади, шунинг учун барча маҳаллаларда ўйин майдонлари бўлиши лозим».

2023 йил сентябрь ойида намойишкорона болалар ўйини ўтказилгач, футбол ассоциацияси ушбу майдонни Тошкентдаги футбол майдонлари реестрига киритиш бўйича шаҳар ҳокимлигига мурожаат қилмоқчи эди. Ижобий хулоса берилган тақдирда, уюшма майдонга тунги ёритиш мосламаларини ўрнатиш ва белгиларни чизиш тадбирлари учун ҳомий топишни режалаштирган.

футбол майдончаси, қайта қуриш, ҳовлилар

Маҳалла аҳолиси ва Азамат Абдураимов болалар турнирида.

Азамат Абдураимовнинг сўзларига кўра, футбол ассоциацияси ҳокимликка мурожаат қилмаган. Бироқ, Олий суддан футбол майдонини сақлаб қолиш ва кейинчалик Тошкент шаҳар футбол ассоциацияси балансига ўтказиш мақсадида Яккасарой тумани ҳокимининг қарорини кучга эга эмас, деб топишда ёрдам беришни сўраган.

Судга йўлланган хатда (таҳририятда мавжуд) оммавий футболни ривожлантириш мақсадида уюшма томонидан Tashkent Kids футбол мактаби тажриба лойиҳаси ташкил этилгани айтилади. Унда Юнус Ражабий маҳалласида истиқомат қилувчи 22 нафар ўғил-қиз иштирок этаётган бўлиб, 60-уй ҳовлисидаги футбол майдони ушбу маҳалла фарзандларининг асосий машғулот майдони ҳисобланади.

Қурилиш сотиб олинган майдон атрофида ўсадиган кўп йиллик дарахтларга ҳам таъсир қилади. Ҳовли ўз яшиллигининг сезиларли қисмидан маҳрум бўлади. Шовқин аҳолининг тинчини бузади, ҳовлини қушлар тарк этади. Барча қурилиш техникаси ҳовлига турар-жой бинолари орасида жойлашган ягона кириш йўли орқали киради. Бино давлат болалар боғчаси деворидан бир неча метр узоқликда қурилади. Чиқиндиларни йиғиш пунктига зарар етказилади — у жуда яхши сақланган ва шинам, унда уйлар аҳолиси томонидан ўргатилган мушуклар бор.

«Офис қурилиши тугаллангач, ҳовлимизнинг яшил қисмидан деярли ҳеч нарса қолмайди. Аҳоли ихтиёрида фақатгина 60-уй бўйлаб тор йўлак бўлади. Бироқ у ёпиқ ҳовли ҳудудига ягона кириш жойи бўлиб хизмат қилганлиги сабабли, доим машиналар билан тўла. Одамлар қаерда аравачалари билан сайр қилади, дам олади? Бизни гўёки аста-секин ўз ҳовлимиздан сиқиб чиқаришмоқда. Гўёки уйимиз катта йўлни тўсиб, ер эгасига „ҳалал бермасин“, дегандек», — дейди 60-уйда яшовчи Галина Лавкова.

футбол майдончаси, қайта қуриш, ҳовлилар

Қурилиш, шунингдек, коммунал хизматларни кўчиришни талаб қилиши мумкин, бу эса кўп қаватли уйларда узилишларга олиб келади.

19 февраль куни аҳоли томонидан Олий суднинг маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатига тафтиш шикояти киритилган. Йиғилиш апрель ойининг бошида бўлиб ўтиши режалаштирилган. Ҳозирча ташаббус гуруҳи ҳужжатларни йиғмоқда.

Фаоллар ҳокимлик ерларни давлат захира фондига нотўғри ўтказганлиги тўғрисида яна учта инстанция судига даъво аризаси билан чиқиш ниятида. Аҳолининг тушунтиришича, ҳокимлик ерни захира фондига ўтказиши учун асос йўқ эди, чунки у бўш ер бўлмаган — бу ерда аҳоли фаол равишда фойдаланадиган футбол майдони жойлашган. Бундан ташқари, ҳудудга дарахтлар экилган.

«Бир ярим йил давомида қурувчига қаршилик кўрсатиб, жуда чарчадик ва давлат органларига қандайдир даражада ишончимизни йўқотдик. Лекин таслим бўлмаймиз. Ниманидир ўзгартиришга кучимиз етар экан, охиригача курашамиз», — дейди Мукаррам Баҳромхўжаева.

Маҳаллалардаги яшил ҳудудларни йўқ қилиш ҳисобига қурилишлар қилиш пойтахт учун камёб ҳодиса ҳолат эмас. 2021 йилда «Газета.uz» Ўртачирчиқ тумани аҳолисининг ишлаб чиқариш цехи қуриш учун сотиб юборилган футбол майдонини сақлаб қолиш учун кураши ҳақида ёзган эди.

Футбол майдонлари ўрнида қурилиш қилиш билан боғлиқ худди шунга ўхшаш ҳолат Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманидаги «Баҳор» маҳалласи Буз-2 массивида ҳам кузатилмоқда, дея хабар берди аҳоли вакиллари «Газета.uz»га. Узумзор кўчасидаги 19-уй рўпарасидаги майдон 2020 йилда бузиб юборилган.

футбол майдончаси, қайта қуриш, ҳовлилар

Биринчи қурувчи коттежлар қуришга ҳаракат қилди, бироқ қурилиш тўхтатилди. Шунга қарамай, 2023 йилда ер эгаси уни бу ерда тўрт қаватли турар жой қуришни режалаштирган бошқа бир тадбиркорга сотиб юборди.

футбол майдончаси, қайта қуриш, ҳовлилар

Қурувчи аҳолидан рухсат олишга уринди, бироқ уларнинг норози эканлигига қарамай, ўтган йилнинг июль ойида ҳудудни қурилиш панжараси билан ўраб олди. Шундан кейин аҳоли шов-шув кўтарди ва ҳозирда судни кутмоқда.