Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ўзбекистонга совуқ ҳаво оқимлари кириб келиши муносабати билан қишлоқ хўжалиги соҳасида етиштирилаётган экин ҳамда ўсимликларни қисқа муддатли қаттиқ совуқдан асраш ва совуқ кунлардан беталафот ўтиш бўйича маслаҳат ва тавсиялар берди.

Улар жами 5 банддан иборат бўлиб, қуйидагиларни ўз ичига олади:

  1. Ўраб қўйиш: иложи бўлса, дарахтлар ва ўсимликларни совуқ уриши ва қордан ҳимоя қилиш учун махсус материаллар (мато, плёнка, крафт-қоғоз, спанбонд) билан ёпиш тавсия этилади. Бу гуллайдиган куртакларни қисқа муддатли қаттиқ совуқдан сақлаб қолишга ёрдам беради;
  2. Озуқа моддалари билан суғориш: совуқ ҳаво массаси кириб келишидан олдин дарахтлар етарли даражада намлик ва озуқа олган бўлишига ишонч ҳосил қилиш. Одатда сувга ва фойдали моддаларга тўйинган дарахтлар паст ҳароратларга кўпроқ чидамлироқ;
  3. мулчалаш: экинлар илдиз зонасини махсус озуқа моддалар билан қоплаш тупроқдаги иссиқлик ва намликни сақлаб қолишга ёрдам беради, бу эса илдизларни совуқдан ҳимоя қилади;
  4. Шикастланган шохларни кесиб ташлаш: қор оғирлиги остида баъзи шохларни синиши ёки совуқ уриши хавфини камайтириш учун қуриб қолган ёки шикастланган новдаларни кесиб ташлаш мумкин. Сўнг, кесилган жойни мис сульфатнинг сувли эритмаси (1 литр сув учун 1 чой қошиқ модда) билан ишлов бериш мумкин;
  5. Шамолдан ҳимоя қилиш: имконият бўлса, дарахтлар ва ўсимликлар атрофида вақтинчалик шамол тўсиқларини яратиш. Бу тўсиқлар экинларни елвизаклардан асрашга ёрдам беради.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Гидрометеорология хизмати агентлиги 16 февраль куни Ўзбекистоннинг шимолий ҳудудларига, 17−19 февраль кунлари республиканинг барча ҳудудларига совуқ ва нам ҳаво массалари кириб келиши кутилаётганини маълум қилганди.

16 февралда Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилоятида, 17−19 февралда Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида вақти-вақти билан ёғингарчилик (ёмғир қорга айланади) кузатилади. 17−18 февралда Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларида ва Фарғона водийси вилоятларида баъзи жойларда кучли бўлади.

16−18 февралда республиканинг айрим жойларида шамол тезлиги 17−22 м/с гача кучаяди, баъзида 25−28 м/с гача етиши мумкин.
18−19 февраль кунларига келиб Ўзбекистон ҳудуди бўйича ҳаво ҳарорати кечалари −3…−8 даража, кундуз кунлари 0…-3 даражагача пасаяди. Шимолда 17−19 февраль кунлари ҳарорат кечалари −13…−16 даражагача, кундуз кунлари −5…−8 даражагача пасаяди.

Шунингдек, EastFruit экспертларинг фикрича, жумадан бошлаб Ўзбекистоннинг аксарият ҳудудларида ёмғир ёғиб, қорга айланиши, ҳаво совиб кетиши март ойида ушбу мамлакатларнинг жанубий ҳудудларида йиғиб олинадиган эрта пиёз ҳосилига, шунингдек, карам ва сабзи каби бошқа эрта сабзавотларнинг ҳосилига таҳдид солади.