16 февраль куни Ўзбекистоннинг шимолий ҳудудларига, 17−19 февраль кунлари республиканинг барча ҳудудларига совуқ ва нам ҳаво массалари кириб келиши кутилмоқда, дея хабар қилди Ўзгидромет хизмати агентлиги.

16 февралда Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилоятида, 17−19 февралда Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида вақти-вақти билан ёғингарчилик (ёмғир қорга айланади) кузатилади. 17−18 февралда Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларида ва Фарғона водийси вилоятларида баъзи жойларда кучли бўлади.

16−18 февралда республиканинг айрим жойларида шамол тезлиги 17−22 м/с гача кучаяди, баъзида 25−28 м/с гача етиши мумкин.

18−19 февраль кунларига келиб Ўзбекистон ҳудуди бўйича ҳаво ҳарорати кечалари −3…−8 даража, кундуз кунлари 0…-3 даражагача пасаяди. Шимолда 17−19 февраль кунлари ҳарорат кечалари −13…−16 даражагача, кундуз кунлари −5…−8 даражагача пасаяди.

Аввалроқ агентлик жума кунидан келиб чиқиши арктик бўлган совуқ ва нам ҳаво массалари кириб келиши бошланиши ҳақида хабар берганди.