2023 йил декабрь ойида Ўзбекистонда 1,24 фоизли инфляция қайд этилди. Бу ҳақда президент ҳузуридаги Статистика агентлиги ҳисоботида маълумот берилган.

Кўрсаткич 2022 йил декабрига нисбатан бироз юқори, лекин ўтган йиллардаги рақамлардан паст (2022 йил декабрда 1,23 фоиз, 2021 йил 1,26 фоиз, 2020 йил 1,55 фоиз, 2019 йил 1,69 фоиз).

Статистика агентлиги маълумотларига кўра, сўнгги ойда озиқ-овқат маҳсулотлари ўртача 1,3 фоизга (беш йил ичидаги минимум), ноозиқ-овқат маҳсулотлари эса 1 фоизга, хизматлар 1,5 фоизга қимматлаган (аввалги беш йилдагига нисбатан кўпроқ).

инфляция, статистика, статистика агентлиги

2023 йилда (январь-декабрь учун) инфляция 8,77 фоизгача тушди — бу 2016 йилдан бери энг паст кўрсаткич ҳисобланади (5,7 фоиз). Йил давомида озиқ-овқат маҳсулотлари ўртача 9,7 фоизга (беш йил ичидаги минимум), ноозиқ-овқат маҳсулотлари 7,7 фоизга, хизматлар эса 8,7 фоизга қимматлади.

Агентлик маълумотларига кўра, декабрь ойида деярли барча асосий озиқ-овқат маҳсулотлари арзонлаган. Нархларнинг узоқ давом этган ўсишидан сўнг тухум ўртача 0,3 фоизга (октябрда +10,5 фоиз, ноябрда +2,9 фоиз), шакар 0,8 фоизга, кунгабоқар ёғи 1,2 фоизга, буғдой уни 0,1 фоизга, гуруч ва гуруч оқшоғи 0,4 фоизга, мол гўшти 0,2 фоизга, қўй гўшти 0,3 фоизга арзонлади. Сут нархи 0,4 фоизга ошди.

Шу билан бирга, йил давомида гуруч 38,7 фоизга, мол ва қўй гўшти 9,3 фоизга, сут 13,3 фоизга, тухум 11,7 фоизга, шакар 11 фоизга қимматлаган. Ун нархи 1,1 фоизга, ёғ нархи эса 17,8 фоизга пасайган.

Сабзавот ва мевалардан ўтган ойда энг кўп бақлажон (63,2 фоизга), помидор (59 фоизга), булғор қалампири (58,2 фоизга), бодринг (50,7 фоизга), анор (17,1 фоизга), картошка (1,3 фоизга) қимматлаган.

Банан 3,4 фоизга, пиёз 3,6 фоизга, сабзи 6,5 фоизга, лимон 6,6 фоизга, карам 6,7 фоизга, мандарин 21,9 фоизга арзонлаган.

Йил давомида анор 3 баробар, лимон 2,3 баробар, помидор 1,4 баробар, банан 12,7 фоиз, мандарин 10,9 фоиз, бодринг ва карам 6,7 фоиз қимматлаган. Картошка 14,7 фоизга, сабзи 15,5 фоизга, пиёз 40,7 фоизга, булғор қалампири 43,2 фоизга, бақлажон 44,3 фоизга арзонлаган.

Спиртли ичимликлар нархи ой давомида 0,8 фоизга (йил давомида 9,6 фоизга), тамаки маҳсулотлари нархи эса 1,4 фоизга (12,4 фоизга) ошди.

Ой давомида кийим-кечак нархи ўртача 1,4 фоизга (6,3 фоизга), пойабзаллар нархи эса 1,5 фоизга (5,9 фоиз) қимматлади.

Ўтган даврда кенгашлар қарори билан Тошкент шаҳрида, шунингдек, Қашқадарё ва Сирдарё вилоятларида совуқ сув таъминоти ҳамда канализация хизматлари тарифлари оширилиши тасдиқланганди. Аҳолининг умумий истеъмол харажатлари таркибида ушбу ҳудудларнинг улушини ҳисобга олган ҳолда совуқ сув таъминоти ва канализация учун инфляция ой давомида республика бўйича ўртача 18,1 фоизга етди. Умуман олганда, йил давомида Ўзбекистонда сув ва канализация нархлари ўртача 65 фоизга ошган.

2022 йилдаги сезиларли ўсишдан сўнг 2023 йилда уй-жой ижараси атиги 7,4 фоизга (декабрь ойида 2,5 фоизга) ошди.

2023 йил декабрь ойида барча ҳудудларда бензин қимматлади. Нархлар 1,3−7,1 фоизга, йил давомида эса 19,1 фоизга ошди. Декабрь ойида ҳам (5,1 фоиз) ҳам, бутун йил давомида ҳам (29,4 фоиз) пропан бензинга нисбатан сезиларли даражада қимматлади. Метан нархи, Статистика агентлиги маълумотларига кўра, декабрь ойида ўзгармаган, бироқ йил давомида улар 22,4 фоизга ошган.

Такси хизматлари ой давомида 1,7 фоизга (йил давомида 13,2 фоизга), темирйўл транспорти 0,8 фоизга (32,4 фоиз), авиарейслар 2,3 фоизга (20,7 фоиз) қимматлади.

Ёнилғи нархининг ошиши фонида юк ташиш хизматлари нархлари ҳам ўсди — 0,8 фоиз (11,6 фоиз).

Ўтган йил давомида тайёр овқатлар кафеларда 19,3 фоизга, ошхоналарда 20,2 фоизга қимматлаган. Меҳмонхона хизматлари 17,8 фоизга, дам олиш марказлари хизматлари 26,3 фоизга қимматлади.

Йиллик ҳисобда пул ўтказмалари бўйича хизматлар нархи 9,8 фоизга, иловалар орқали пул ўтказмалари 7 фоизга, банк хизматлари эса 7,9 фоизга ошганини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим.