1−2 май кунлари «Ўзэкспомарказ»да ногиронлиги бўлган шахслар ишлаётган корхоналарнинг маҳсулотлари намойиш этиладиган «Инсон учун» савдо кўргазмаси бўлиб ўтади. Бу ҳақда кўргазмани Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда ташкил этаётган Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги матбуот хизмати хабар берди.

Кўргазмада 200 га яқин ногиронлиги бўлган шахсларни банд қилган тадбиркорлар, шу жумладан, ногиронлиги бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар ва ҳунармандлар иштирок этади. Унда мебель, тўқимачилик, пойабзал, спорт, озиқ-овқат, техника, полиграфия ва бошқа турдаги товарлар намойиш этилади.

Тадбир доирасида 300 га яқин тадбиркорлар билан ҳудудларда масофадан туриб савдолар ҳам ташкил этилади.

Агентлик барчани «Инсон учун» савдо кўргазмасида фаол иштирок этишга ва иштирокчиларни қўллаб-қувватлашга таклиф қилди.