2024 йилнинг 1-чораги якуни бўйича Ўзбекистонда ўртача ойлик иш ҳақи ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 19,8 фоизга ўсиб, 4 млн 920 минг сўмни ташкил этди. Бу Статистика агентлигининг номинал ҳисобланган ўртача ойлик иш ҳақи бўйича берган маълумотларидан келиб чиқади.

Иш ҳақининг йиллар кесимидаги динамикаси қуйидагича кўриниш олган:

  • 2020 йил — 2 млн 585 минг сўм
  • 2021 йил — 2 млн 877 минг сўм
  • 2022 йил — 3 млн 418 минг сўм
  • 2023 йил — 4 млн 106 минг сўм
  • 2024 йил — 4 млн 920 минг сўм.

Ўртача ойлик иш ҳақини ҳисоблашда қишлоқ хўжалиги корхоналари ва кичик тадбиркорлик бўйича маълумотлар ҳисобга олинмаган, чунки фермер хўжаликлари ва кичик тадбиркорлик субъектлари йилда бир марта ҳисобот тақдим этади.

2024 йилнинг январь-март ойларида ҳудудлар бўйича ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақининг энг юқори кўрсаткичлари Тошкент шаҳри (8 млн 117 минг сўм), Навоий вилояти (6 млн 500 минг сўм), Тошкент вилояти (4 млн 764 минг сўм), Андижон вилояти (4 млн 391 минг сўм) ва Қорақалпоғистон Республикасида (4 млн 65 минг сўм) кузатилди.

Инфографика: Статистика агентлигиИнфографика: Статистика агентлиги

Ҳудудлар бўйича энг юқори ўсиш суратлари Андижон вилояти (125,2 фоиз), Тошкент шаҳри (122,3 фоиз), Фарғона вилояти (121,5 фоиз), Навоий вилояти (118,8 фоиз) ва Жиззах вилоятида (118,2 фоиз) қайд этилди.

ўртача ойлик иш ҳақи

Ўртача ойлик иш ҳақини ҳисоблашда жами 3 млн 91 минг 950 нафар ходим маълумотларидан фойдаланилган. Ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи таркибига қўшимча тўловлар, мукофот пуллари, рағбатлантирувчи тўловлар, компенсация ва ишламаган вақти учун тўловлар, шунингдек, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва касаба уюшмасига ажратмалар киради.

ўртача ойлик иш ҳақи

2024 йил январь-март ойларида иқтисодий фаолият турлари бўйича ўртача ойлик иш ҳақининг энг баланд кўрсаткичи — банк, суғурта, лизинг, кредит ва воситачилик фаолияти соҳасига тўғри келиб, 13 млн 229 минг сўмни ташкил этди. Шунингдек, ахборот ва алоқа соҳасида 11 млн 732 минг сўмни, ташиш ва сақлаш соҳасида 6 млн 104 минг сўмни ташкил этиб, ўртача ойлик иш ҳақига нисбатан юқори кўрсаткични ташкил этди.

Таълим (3 млн 435 минг сўм) ҳамда соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш (3 млн 241 минг сўм) соҳалари эса бошқа соҳаларга нисбатан энг қуйи ўринда қолишда давом этмоқда. Таълим соҳасининг асосий тармоқлари бўйича ўртача ойлик иш ҳақининг энг юқори кўрсаткичи олий таълимда (7 млн 875 минг сўм), энг паст кўрсаткич эса мактабгача таълимда қайд этилди (1 млн 841 минг сўм).

ўртача ойлик иш ҳақи

Эслатиб ўтамиз, 2021 йили иқтисодчи, «Газета.uz» колумнисти Миркомил Холбоев сўнгги йилларда ўқитувчиларнинг ойлик маошлари бошқа соҳа вакилларининг ойлигига нисбатан секинроқ ўсгани, натижада таълим соҳаси вакиллари жамиятнинг бошқа вакилларига нисбатан камбағаллашгани ҳақида ёзганди.