25 апрель куни Европа Иттифоқи Ўзбекистон ҳукуматига қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотларни амалга ошириш учун 6 миллион евро (тахминан 82 миллиард сўм) ажратди, деб хабар қилди Европа Иттифоқининг Тошкентдаги делегацияси матбуот хизмати.

Грант Озиқ-овқат хавфсизлиги ва соғлом овқатланиш бўйича миллий стратегия ва дастурларни бюджетлаштириш бўйича кўрсатмаларни амалга оширишга ёрдам беради.

Ўзбекистон ҳукумати ва Европа Иттифоқи ўртасидаги келишув 2020−2030 йилларда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш миллий стратегиясини амалга оширишни қўллаб-қувватлаш учун жами 20 миллион евро ажратишни назарда тутади. Ушбу ёрдам доирасида жорий ва келгуси йилда қўшимча грант маблағлари ажратилиши кутилмоқда.

Асосий мақсад — Ўзбекистоннинг бозорга йўналтирилган ва барқарор қишлоқ хўжалиги тармоғига ўтишини қўллаб-қувватлаш, бу эса аҳолини кўпроқ иш ва даромадлар билан таъминлаш, хавфсиз ва тўйимли озиқ-овқат маҳсулотларидан фойдаланиш имкониятини оширишдан иборат.

«Қишлоқ-озиқ-овқат сектори Ўзбекистон иқтисодиёти учун муҳим аҳамиятга эга бўлиб, аҳоли бандлигининг асосий манбаи ҳисобланади. Бундан ташқари, Ўзбекистон фуқаролари истеъмол қиладиган гўшт ва сабзавот маҳсулотларининг асосий қисмини оилавий фермер хўжаликлари етиштиради. Шу боис биз ушбу деҳқон хўжаликларининг ўзгарувчан иқлим шароитига мослашиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, соғлом озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш, маҳаллий ва глобал қиймат занжирининг бир қисмига айланиш имконини берувчи ислоҳотларга эътибор қаратмоқдамиз. GSP+ каби Европа Иттифоқининг бошқа ташаббуслари билан биргаликда грант маблағлари Европа Иттифоқига экспорт ҳажмини оширишга ёрдам беради», — деди Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Шарлотта Адриан.

Барқарор қишлоқ-озиқ-овқат сектори Европа Иттифоқининг Ўзбекистон учун (2021−2027) кўп йиллик индикатив дастурининг учта стратегик устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Бошқа устуворликларга самарали бошқарув ҳамда инклюзив, яшил ва рақамли ривожланиш киради. 2021 йилдан буён дастур Ўзбекистонга 76 миллион евро (деярли 1 триллион сўм) ажратди.

Аввалроқ ҳам Европа Иттифоқи 2020 йилдан 2023 йилгача бўлган даврда 32,5 миллион евро бюджет билан қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаганди.