19−21 январь кунлари кутилаётган ёғингарчилик ҳамда ҳаво ҳароратининг кескин ўзгариши сабабли республиканинг тоғли ҳудудларида қор кўчиш хавфи эълон қилинди. Бу ҳақда Ўзгидромет хизмати агентлиги раҳбари Шерзод Ҳабибуллаев огоҳлантирди.

Қор кўчиш хавфи Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ, Оҳангарон ва Паркент туманлари (Чотқол тизмасининг тоғлари) ҳамда Наманган вилоятининг Поп туманига тааллуқли.

Тоғли худудларда истиқомат қилувчи фуқаролар, дам олувчилар ҳамда тоғли худудларда ҳаракатланувчи ҳайдовчилардан эҳтиёткорлик чораларини кўришлари сўралмоқда.

Ўзгидромет тоғли ҳудудларда ҳаво бироз булутли бўлиши, 19−20 январда вақти-вақти билан қор ёғиб, туман тушиши ҳақида хабар берган. 21 январда ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шарқдан 7−12 м/с тезликда эсади. Ҳарорат 19 январда кечаси 0…-5 даража совуқ, кундузи 0…+5 даража илиқ бўлади, 20−21 январда кечаси −6…−11 даража совуққача, кундузи −2…−7 даража совуққача пасаяди.