Давлат хавфсизлик хизмати Фарғона вилояти бошқармаси томонидан «Ҳизб ат-таҳрир ал-исломий» диний экстремистик оқимининг фаол аъзоси қўлга олинди, дея хабар бермоқда Олий суд матбуот хизмати.

Қайд этилишича, Олтиариқ туманида яшовчи фуқаро А.А. Россияда ишлаб юрган вақтида «ислом динига қизиқиши туфайли» интернет орқали турли маърузаларни эшитган. Хусусан, у «Ҳизб ат-таҳрир ал-исломий» диний террористик ташкилоти тарафдорларининг видео- ва аудио материалларини эшитиб, уларнинг таъсирида экстремистик ғояларни қўллаб-қувватлаб келган.

А.А. Telegram орқали оқим тарафдори М.А. билан алоқа қилиб, ёзишмалар олиб борган. «Ҳизб ат-таҳрир ал-исломий» диний экстремистик оқимига аъзо бўлиб, уларнинг китобларидан виртуал таълим олган. «Ҳизбий ҳалқа»да виртуал тарзда олган диний сабоқлари сабаб ақидапарастликка берилиб, унинг ғояларини қўллаб-қувватлаган, дейилади хабарда.

Мазкур диний ташкилотга содиқлик қасамёдини қабул қилган ҳамда ойлик даромадидан аъзолик бадали тўлаб келган. Шу билан бирга, ижтимоий тармоқларда диний оқимнинг ғояларини фаол тарғиб қилган.

Фуқаро Олтиариқ туманига қайтиб келгач, Telegram`да турли гуруҳларни ташкил қилган ҳамда ўзининг танишларининг профилларини бу гуруҳга қўшган. А.А. ақидапарастлик ғояларидан сабоқ бериб келган. Шунингдек, фаолиятини давом эттириб, бир неча шахсларни ҳам гуруҳига жалб этган ҳамда диний оқимнинг материалларини тарқатган, дейилади суд хабарида.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар давомида А.А.нинг ишлари фош бўлган. Унинг телефонидан олинган ашёвий далиллар диний оқимнинг материаллари экани ўз тасдиғини топган.

Жиноят ишлари бўйича Бағдод тумани судининг ҳукмига кўра, у 12 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Аввалроқ Тошкент вилоятида Telegram орқали ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган материалларни тарқатиб келган йигитнинг озодлиги 4 йилга чекланганди.