Ўзбекистонлик шахматчи Нодирбек Абдусатторов Польшада ўтказилган Superbet Rapid & Blitz шахмат турнирида олтинчи ўринни эгаллади.

Superbet Rapid & Blitz Grand Chess Tour тижорат циклининг биринчи турниридир. У Варшавада 8 майдан 12 майгача икки босқичда бўлиб ўтди. Дастлаб бир давралик рапид (юришдан кейин 25 дақиқа + 10 сония) ўтказилди, унда қатнашчилар рақибларига қарши битта ўйин ўтказди.

Шундан сўнг шахматчилар икки раундда блиц (5 дақиқа + 2 сония) ўйнади. Рапиддаги ғалаба учун икки, дуранг учун эса бир очко берилди. Блицда ғалаба бир очкога, дуранг эса ярим очкога тенг эди. Умумий ҳисобда энг кўп очко тўплаган иштирокчи ғолиб бўлди.

Фото: Grand Chess Tour.Фото: Grand Chess Tour.

Ўйинларда 10 нафар шахматчи иштирок этди: Магнус Карлсен (Норвегия, рапид бўйича рейтинг 2828, блиц бўйича 2886), Вэй И (Хитой, 2758/2684), Ян-Кшиштоф Дуда (Польша, 2748/2766), Нодирбек Абдусатторов (Ўзбекистон, 2733/2661), Рамешбабу Прагнанандха (Ҳиндистон, 2704/2675), Аниш Гири (Нидерландия, 2687/2715), Аржун Эригайси (Ҳиндистон, 2671/2744), Доммаражу Гукеш (Ҳиндистон, 2649/2651), Винсент Каймер (2647/2610), Кирилл Шевченко (Руминия, 2622/2546).

Вэй И мусобақанинг рапид ўйинида 13/18 ҳисобида ғалаба қозонди. Карлсен 12/18 ҳисобида иккинчи ўринни эгаллади. Аммо норвегиялик шахматчи 18 очкодан 14 очко жамғариб, блиц бўйича ғолиб бўлди. Вэй И эса иккинчи ўринни эгаллади, у 12,5 очко тўплади.

Шу тариқа, Карлсен 26 очко билан умумий ҳисобда зафар қучди. Ундан кейинни ўринларни Вэй И (25,5) ва Ян-Кшиштоф Дуда (19,5) эгаллади. Улар мос равишда 40, 30 ва 20 минг доллардан мукофот олишди.

Карлсен ва Дуда бу йилги Grand Chess Tour иштирокчилари эмас ва Варшавада ташкилотчиларнинг wild-card доирасида ўйнади. Superbet учун тур очколари Праггнанандха (7), Абдусатторов (5), Гири (3) ва Гукешга (1) берилди. Келгусида тур иштирокчилари Руминия, Хорватия ва АҚШда ўйнаб, бутун серия ғолибини аниқлайди.

Нодирбек Абдусатторов рапид йўналишида 8 очко жамғарган ҳолда 6−7-ўринларни бўлишиб, блиц-турнирда 9,5 очко билан 5-ўринни эгаллаб, умумий ҳисобда олтинчи ўринни эгаллади. Унинг блицнинг биринчи раундида Магнус Карлсен устидан қора доналарда ғалаба қозонган ўйини эсда қоларли бўлди, сабаби ўша ўйинда Карлсен мағлубиятдан сўнг ўз ҳиссиётини яшириб ўтирмади. Кейинчалик Карлсен шундай деди: «Ўйин тугашига бир неча сония қолганида мен ҳеч нарсани тушунмай қолдим».

Фото: Grand Chess Tour.Фото: Grand Chess Tour.

Вэй И билан орадаги фарқни йўқотиш учун Карлсен иккинчи даврада қаторасига 10 ўйинда ғалаба қозониши, жумладан, Нодирбекдан реванш олиши керак эди. 26/36 ҳисобни қайд этган норвегиялик спортчи Загребда ўтган йилги натижасини такрорлади. Карлсенга 2019 йилда Калькуттада 27/36 ҳисобидаги рекордини такрорлаш учун атиги бир очко кам эди.

Мана бу жадвалда совғалар ва тур очколари қандай тақсимланганини кўриш мумкин. Сериянинг тўртта тўлақонли иштирокчиси ва олти нафар таклиф этилган қатнашчилар (жадвалда улар WC ҳарфлари билан белгиланган) Варшавада ўйин олиб борди.Мана бу жадвалда совғалар ва тур очколари қандай тақсимланганини кўриш мумкин. Сериянинг тўртта тўлақонли иштирокчиси ва олти нафар таклиф этилган қатнашчилар (жадвалда улар WC ҳарфлари билан белгиланган) Варшавада ўйин олиб борди.

Олтинчи ўрин Нодирбек Абдусатторовга 11 минг доллар мукофот пули ва Grand Chess Tour`да 5 очкони тақдим этди.

Аввалроқ Нодирбек Абдусатторов Швецияда бўлиб ўтган Tepe Sigeman-2024 турнирида ғолиб чиққанди.